Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Совуқ томчи ёки “шаҳарга пул, “мамам”га сув муаммо”


Онамга хат ёзишни ёмон кўраман. Чунки у киши мактубимни ўқиса, “давлениеси” кўтарилиб кетади йиғидан. Эшитишимча, овулимиз почтачиси тўнғиллаб-тўнғиллаб мактубимни уйга элтар эмиш: “Шуям иш бўлибдими, XXI асрда хат ёзармиш, соғинса келиб кўрсин эди. Бошқа ишим йўқми менинг”…
Онамга кўп хат ёзмайман, у менга умуман ёзмайди, тўғрироғи ёзолмайди…


Ҳаво совуди, ер нам. Кузги уйқуни чой қилиб очиш илинжида ҳаммомга тушдим. Ҳаёлим яна ишда, бугун уч пара дарс ўтишим керак. Жумракни бурасам, совуқ бир томчи устимга тушди ва баданимни жўнжиктириб юборди. “Сув йўқ”, оқмаяпти яна, дедим ўзимга-ўзим тўнғиллаб. Шу он бу содда йиғиқ гап мамамни (мен шундай дейман) эслатди: “бечорага “сочингизни ювиб юрсангиз бўлмайдими”, дегандим ўшанда”.
Шунда мамам менга яна бу гапни айтганди: “сув йўқ”. “Шаҳарга пул, қишлоққа сув муаммо”, деган эди яна мамам. Ўша он волийдамнинг кирлаган сочларию қора ис босган кўйлагига жерканиб қарагандим мен номард. Шаҳарлик олифтага сув “проблема”ми, катта челакдаги сувни аямай ишлатиб, кир ювгандим ўшанда. Қўшни уйга чиқиб келган мамам ҳаётида менга биринчи марта қаттиқ-қаттиқ бақирди:

Сувга тег дедимми сенга? Киримни ювмасликни билмай юрманми, сувимни топиб бер, қани?! Қишлоқда уч кун сув оқмайди, дейишяпти. Энди нима қиламан?!

Тинмай сўйлаётган онамни танимасдим. Ҳа, у сув парисига ўхшаб, сув жиннисига айлангандек эди гоё. Челакнинг тагида қолган ярим чойнак сувни қучоқлаб, у ёдан бу ёққа юрарди.

Сувнинг қадрини қаёқдан билардинглар! Иссиқ сув, совуғи тепаларинга оқиб турган бўлса, сув қаердан келаётганини ўйламасаларинг! Сизларнинг сувни шундай ишлатишларинг касрига бизга тоза ичимлик сув келмайди, нуқул ердан чиққан сувни ичамиз…
Мамамга гапи учун аччиқ қилиб, “плак”ни “ташка”га солдим-да, сув излаб кетдим. Овулнинг чеккасида қўйларига крандан сув чиқараётган амакига илтимос қилиб, “плак”имни сувга тўлдирдим. Уйга 4 соат деганда зўрға судралиб келиб йиқилдим. Мамам мендан ҳавотирланиб, излаб кетибди, йўқ уйда.
Бироз ётиб, ҳаловат тополмадим. Ўзимнинг уйда сувни борича оқизиб, машинамни ювишим, идиш-тобоқларни ивитиш учун сувга солиб қўйишиму, ваннани сув тўлдириб чўмилишимни эслаб, яна мамамни аядим. У киши бу ерда кийими, сочини ювишга сувни аяйдию пиёлалари яхши ёвилмагач, қора доқлари қотиб қолганди. Папамнинг пойпоқлари эса ҳидланиб кетган эди…
Онам келиб, ҳаёлларим тарқаб кетди. Кўзидаги ёш қучоқлаётиб, елкамга тушди: “Кечир, мени қизим. Бақирмоқчи эмасдим. Ҳаммасига сув айбдор”…
Елкамга тушган ўша совуқ томчи ҳаммомдаги томчига ўхшар эди, худди ўзи. 150 километр узоқдаги Тахтакўпир аталмиш овулимда сувни кутаётган онамни эслатарди у. Худди шу пайт сув келди, “Аристон” ҳам ишлади. Мен эса жўмракни қайтариб бурадим, сувга қўшилган “насос”ни ҳам ўчирдим. Чўмилмадим.
Онамга кўп хат ёзмайман, у менга умуман ёзмайди, тўғрироғи ёзолмайди… Чунки у киши ташвишлар ва кунлик уй юмишларидан сира ортмайди, узоқдан сув ташийди.

Қумар БЕГНИЯЗОВА,
Kar24.uz сайти бош муҳаррири