Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Хўжайли тумани ҳокими халққа мурожаат билан чиқмоқда

Ҳурматли фуқаролар!!! Бугун туманимизда оммавий пахта терими бошланди. Бу йилги пахта терими олдинги йиллардан кескин фарқ қилиб, энг асосийси мажбурий эмаслиги, аксинча, ихтиёрий қўшимча даромад топишга қаратилганлиги билан ажралиб туради, яъни, Ҳукуматимиз қарорига мувофиқ, биринчи теримда 1 кг. пахта учун – 800 сўм, иккинчи теримда эса 1 кг. пахта учун – 1000 сўм қилиб аниқ баҳолар белгиланди. Бу ўртача 60 кг. пахта терган фуқаро бир кунда 48.000 сўм (1-терим) ёки 60.000 сўм (2-терим), 1 ойда жами 2.000.000 сўм атрофида қўшимча даромад топиши аниқ дегани. Шунингдек, пахта далаларида теримчилар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, уларнинг овқатланиши, дам олиши ва мароқли меҳнат қилиши учун қулай имкониятлар тайёрлаб қўйилган. Хўжайли туманида 108 та пахта терим отряди тузилган бўлиб, бугунги кунда жами 13 895 нафар теримчи аниқ рўйҳатга олинган. Улар билан қонуний тарзда мавсумий меҳнат шартномалари расмийлаштирилиб, барчаси отряд раҳбарларига бириктирилган.
Биз Конституциямизнинг 37-моддасидаги: «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга», шунингдек, Меҳнат кодексининг 8-моддасидаги «Ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатланади» деган қатъий талабларни ўзимизга шиор қилиб олганмиз!!!
Шундай экан, туманимизга яқин бўлган барча шаҳар ва туманларнинг қўшимча даромад топиш истагидаги аҳолини Хўжайлимизда пухта ташкиллаштирилган пахта теримига фаол қатнашишга чақириб қоламиз! Ўзларининг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва жонкуярлиги билан туманимиз хирмонига ўз ҳиссасини қўшган ҳар бир теримчи алоҳида мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан сўзсиз таъминланади!
Туманда пахта терими бўйича «Ахборот маркази» ташкил қилинган бўлиб, қуйидаги телефон рақамларига қўнғироқ қилиш орқали рўйхатдан ўтишингиз ва отрядларга бирлашиб қонуний ишлашингиз мумкин:

1.61 554-17-30 «Ахборот маркази» (масъул Халдар Ачилов)

2. https://t.me/hokimgamurojaat
«Хўжайли тумани ҳокимига электрон мурожаат» телеграм гуруҳи

3. 61 554-15-52 туман ҳокимлиги навбатчи бўлими

4. 61 554-10-31 ҳокимликнинг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими

Эслатма: Бюджет ташкилотлари, таълим муассасалари (мактаб, коллеж), мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт ходимлари, вояга етмаганлар ва ўз розилиги бўлмаган барча фуқароларни пахта теримига қатнаштириш қонун доирасида қатъий тақиқланган. Юқорида қайд этилган шахсларни пахта теримига жалб қилган ҳар бир мансабдор шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.
БИЗ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ҚАРШИМИЗ!!!

Ж.М.Ермашев,
Хўжайли тумани ҳокими

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *