Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Олманинг тагига олма тушади

Олма пишса тагига тушишини эшитгансиз, эҳтимол, кўргансиз. Нима учун? Ер ўзига тортгани учунми, банди қуригани, офтобда сўлигани, оғирлашгани, билъакс шамол силкитгани учунми? Аслида ҳеч бири сабаб эмас. Бу — ҳар қандай ҳаётий, табиий, узвий воқеаларнинг уйғунлиги, холос.
Табиатда бўлгани каби жамиятда, айниқса, таълим тизимида «уқувсизнинг ўрнига уқувсиз» келмоқда.
Ўргатилди. Ўргандик. Ўргатамиз! Принцип шунақа…
Бугун ёшлар китоб ўқимай қўйди, кутубхоналар бўм-бўш, уларни фақат интернет аталмиш «буюк қўрғон»дан топиш мумкин каби гап-сўзлар сизнинг ҳам қулоқ-миянгизни ейиши, табиий. Дарвоқе, кутубхоначиларнинг ўзини ҳам иш ўрнидан топиш мушкул. Улар ҳам интернетда.
Гап нимада ўзи?
Кирдим мен ҳам интернетга. Биродарлар, савдо-содиқ авжида-ку! Қизиғи, ўқитувчилар ҳам шу ерда. Гул савдоси. Байрамда кўп гул тушганмиш. Қуриб қолгунча, сотиб қол иборасини қилишяпти, чамамда. Навбат тайёр «конспект»лар олди-бердисига…Буку иқтисод учун яхши гап, таълим-тарбиядачи?
Бир қўшиқ эшитгандим. Сен нени изласанг, топгайсан бегумон.Топдим мен ҳам.Ўқитувчи дарсга йигирма етти минут кеч қолиб келяпти (Соатга қарагандим ўшанда). Кирди. Узр сўради. Кечирдик. Дарс жараёни. Ҳаммаси жойида. Беш минут кеч қолиб келган талабанинг дардини тинглашмайди ҳам. Бу — баҳона, давлатга хиёнат дейишди. Тўғрида, узундан-узоқ лекциялар ким учун?! 5 минут!
Узоқ Шарқ ва ғарб мамлакатларида миллион йиллар кечиккан бу ўқиш учун шукр дейман яна.
Хабарингиз бор, интернетга киргандим, чиқолмай қолиб кетдим. Яхшигина маълумотларни олдим текинга. Бу эса «конспект» айирбошлаш, ёхуд гул сотишдан афзалроқ.
Маълумки, Финландия Европа шимолида жойлашган, кичик мамлакат. Катта табиий бойликлар, савдо имтиёзлари, бошқа сезиларли даромад манбаларига эга эмас. Хўш, дунёда энг яхши ҳисобланадиган Фин таълим тизими бошқа мамлакатлардан, хусусан, Ўзбекистондан нимаси билан ажралиб туради?
Финландияда нуфузли ёки оддий мактаб тушунчаси йўқ. Барча таълим муассаса давлатга тегишли бўлиб, улар бир хил молиялаштирилади, бир хил асбоб-ускуна ва имкониятларга эга.(Афсуски, биз «Темурийлар», Президент мактабларига ўқиёлмадик,болаларимиз ўқисин.Бизнинг гап шунақа). Кичик синфларда болаларга уй вазифалари берилмайди, имтиҳон топширилмайди, уларга баҳо қўйилмайди.(Қачонлардир битта тўрт олганимга бир кеча йиғлаганман)
Бир ўқувчи билан бошқасини қиёслаш таъқиқланган. Имконияти чекланган ва қобилиятга эгалар бир синфда ўқишади.
Фин таълим тизими шиори: «Биз болани ё ҳаётга тайёрлаймиз, ё имтиҳонга.Биз биринчисини танладик». Шу боис Фин таълим тизимида бир марта ўқувчи 16 ёшга тўлганда имтиҳон топширади. Бизда эса фақат имтиҳонга тайёрлаб қўйилмаяптими? Бир вақтлар жадид бобомиз Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот…“деган эди.
Олма дарахтини дунёнинг қай бурчагида ўстирманг, олманинг тагига олма тушаверади. Бироқ, Финландия мисолида харобадан ҳам машҳурлар чиқишига инондик. Хулоса ўзимиз билан.

Дилафруз ОБЛОҚУЛОВА,
Kar24uz учун махсус