Янгиликлар

Хотин-қизлар муаммолари чуқур ўрганилмоқда


Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Ташрифнинг биринчи кунида ҳудуддаги “Ижтимоий реабилитация маркази” ва “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги бир қатор маҳаллаларда бўлиб, бу ерда эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга яратилаётган шароитлар, маҳалла раислари ва ўринбосарларининг фаолиятини ўрганди ҳамда бу борада эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Бугунги манзил Бўзатов тумани бўлди.
Дастлаб, ушбу туманда яқинда янгидан ўз фаолиятини бошлаган “Bozataw textile” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, бу ерда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Ходимлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Мазкур корхонада 210 нафар хотин-қиз фолият юритмоқда. Уларнинг 11 нафарини “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ташкил қилади.
Демак, худуддаги ишсиз аёллар ўз даромад манбаига эга бўлдилар.
Шундан сўнг, тумандаги “Ёшлар маркази”да иқтидорли ёшлар билан мулоқот ўрнатди. Уларнинг қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаб, истеъдодларини янада ривожлантириш бўйича ўзининг тавсияларини берди.
Шунингдек, тумандаги тўрт сектор раҳбарлари билан учрашиб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича туманнинг имкониятлари ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
Айниқса, мураккаб ижтимоий холатда яшаётган хотин-қизлар ва оилаларнинг хаёт тарзи ҳамда турмушида учраётган масалаларни атрофлича ўрганиб чиқиб, ўз услубий таклиф-тавсияларини билдириб ўтди.
Ушбу ҳудуддаги мусиқа мактабида Нуронийлар билан давра суҳбатида ҳам иштирок этди. Тадбирда туманнинг янгидан ташкил этилиши натижасида аҳолига яратилаётган қулайликлар ва ислоҳотларни амалга оширишда кекса авлод вакилларининг ўрни борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шундан сўнг, Бўзатов тумани хотин-қизлар Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида қатнашиб, кенгашнинг ва кенгаш аъзоларининг Низомида белгиланган мақсад ва вазифалари, иш режаси тўғрисида маъруза қилди.
“Ибратли оила” кўрик танловининг туман босқичида ғолиб бўлган Бисеновлар оиласи билан мулоқот ўрнатиб, вазирлик томонидан тайёрланган эсдалик совғани топширди. Кейин эса, ҳудудда истиқомат қилаётган Жугинис Жуманазаровнинг хонадонида бўлиб, унга шахсий томорқадан ва иссиқхонадан самарали фойдаланиш орқали даромад топиш ва шу орқали оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш бўйича фаоллик кўрсатаётгани учун миннатдорчилик билдирди.
Кейинги манзил “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарлари билан суҳбатлашиб, уларнинг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда вазирлик томонидан берилган йўриқнома асосида ишни тўғри ташкил этиш тўғрисида фикрларини билдирди. Маҳаллада шакллантирилган “Аёллар дафтари” билан танишди.
Бугунги кунда фуқаролар йиғинидаги “Аёллар дафтари”га киритилган 49 нафар хотин-қизнинг 12 нафари иш билан таъминланган. Энг асосийси, дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қизнинг қатъий рўйхати асосида бандлигини таъминлаш чораларини кўриб, уларни доимий даромад манбаига эга бўлгандан кейингина “Аёллар дафтари”дан чиқариш, агар зарурат бўлганда ишга муҳтож бўлган бошқа аёллар киритилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.
Ташриф эртага ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида давом этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати

You may also like

Comments are closed.