Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Бош муҳаррир минбари: Сўзда Спарк миндик, ҳаётда минамизми?


Журналистнинг гапи қизиқ. Энг ношукр эмас банда ҳам, аслида журналист. Чунки улар ўзини сўз билан овутиб юраверади: гапда Спарк минади, уйли бўлади, моаши ҳам “отнинг калласидек”.
Бугун бир гуруҳ журналистлар интернетга кириб, роса шўхлиқ қилгани рост. Ёши улуғ журналист оғамиз ўзини шод айламоқчи бўлдими ёки “насиб, насиб” дедими, туманида ҳали энг илғор оилавий теримчиларга берилмаган Спаркни “ўзлаштирди”. “Кўринглар, “Хабар”дан чиқаман, пахта териб Спарк миндим”, деган пост ҳамманинг ҳаёлини бузгани бор гап. Чунки ўша бузилган ҳаёллар ичида меники ҳам бор эди: “Ёзиш, чизишни йиғиштириб, далага чиқаман, бас”.
Энди ўзимга ўзим савол: Нега, ўша вақт бундай ўйладим? Чунки ўшанда ўйимга ҳеч ким цензура қўёлмасди.
“Бўлди қизиқ, қизиқ бўлди”. Спарк ҳаёлида Е. исмли оператив ҳамкасбимиз янгилик ёзди. Материалда журналист касбдошининг 300 кило пахта териб, Спарк минаётганини фаҳр ва ғурур билан тилга олганди. Сипогина яралган материал ҳеч кимда шубҳа уйғотмасди. Биз ҳам А. оғамизнинг Спаркидан севиниб, материални яқинларимизга улашганимизни тан оламиз. Бу билан “Қара, журналистлар ҳам Спарк минади”, деб бир мақтанмоқчи бўлгандик. Чунки қачонгача пиёда, одамларнинг аяшларига чидаб юрамиз?! Бир марта бўлса ҳам, майли сўзда бўлсин, Спарк минсак, минибмиз-да! Шунга шунчами?!
“Ўқитувчиларнинг ойлиги ошди”, “Фалон соҳа ходимлари ойлиги кўпаяди”, “Спортчи Спарк минди”, “Фалон касб эгаларига имтиёзли уйлар берилди”, “Машиналар муборак”… буни биз ёздик, ёзамиз ҳам. Аммо ҳеч беғараз “бизгачи”, дея айтолмаймиз. Нега? Ўша мақтаб ёзганларнинг айримлари баъзан бизни менсинмайди ёки кийимимиз оддий, машинамиз йўқлиги уларга малол келар, балки. Журналистларга имтиёзли уйлар ва автомашиналар берилса нима бўпти?! “Тезкорлик йўқ журналистларда”, дея бизни танқид қилаётганларга тезкорликни оширишда ўша имтиёзли машиналар ёрдам берар, балки. Машинанинг ярим баҳосини тўлаб, устидаги озроқ фоизи билан енгиллик яратмоқчи бўлса “GM Uzbekistan”нинг бу сиёсатига ҳам рози эмасмиз. Чунки моашимиз 50 фоизни йиғишга етмайди, етмаган ҳам.
Спаркка қайтамиз. Яхши ният ярим мол. Е. оғамизнинг ўйнаб тарқатган хабари интернетда тарқалди. А. исмли журналист сўзда Спарк минди. Ҳаётда ҳам минишини тилаймиз. Омин!