Мақолалар

Санъатшунос: “Ҳайкалнинг муаллифи ким?”

Нукус шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига қорақалпоқ халқининг атоқли шахсларидан Аллаяр Досназаровнинг бюсти ўрнатилди. Мен санъатшуносман. Касбий қизиқишим туфайли, бюст муаллифи ким эканлигига қизиқдим. Ҳақиқий Аллаяр Досназаров қаршимда гавдаланиб тургандек, ҳайкал моҳирона ишланган эди. Ҳайкал муаллифи билан танишиш истагида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси раиси Улбосин опа Утегеновага мурожаат қилдим. Энг ҳайрон қолдирган жавоб эса, мени ҳайратга солганди. Ҳайкалнинг ким томонидан яратилгани майликуя, аммо Бадиий академия раиси ҳаттоки бюстнинг очилиш маросими ҳақида эшитмаганлиги ва муаллифи ким эканлигини ҳам билмаслигида эди. Қизиқ? Бадиий академия (!) менимча, тасвирий санъат асарлари билан яқиндан таниш бўлиши керак эмасми? Хуллас, ҳайкал муаллифини қидириш асносида ҳаттоки, мазкур ҳайкалнинг очилиш маросимига қатнашган айрим ташкилотларга ҳам мурожаат этдим. Лекин бу ҳақида ҳеч ким ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтишди.
Гап аслида бу ҳайкал ҳақида эмас. Балки Қорақалпоғистонда тасвирий санъат вакилларига эътибор қай даражада эканлиги ҳақида сўз юритмоқчиман. Рассом ким? Ҳайкалтарошчи? Унинг давлатга қандай манфаати тегмоқда? Ижод қилиши учун имкониятлар яратилганми?
Музейларга ҳеч бориб кўрдингизми? Саҳро гавҳари Нукусда “Саҳродаги Лувр” да қандай асарлар сақланишидан хабарингиз борми? Биз фахрланамиз, бизнинг ўлкамизда етти иқлимга маълуму-машҳур Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи фаолият юритади. Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейида ҳам энг сара асарлар тўплами экспозиция залларида томошабинларнинг диққатига ҳавола этилган. Рассомлари ҳақидачи? Маълумотларингиз қай даражада? Ҳа, ўша Сиз билган Базарбай Серекеев, Жолдасбек Изентаев, Женис Лепесов, Сарсенбай Байбосинов, Дарибай Таджимуратовлар Қорақалпоғистон тарихи, маданияти, урф-одатлари, табиати ҳақида рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик асарларида куйлаб, дунёга танитмоқдалар. Фахр ва ғурур эмасми бу? Лекин бугун ижод аҳлига жуда кам эътибор берилиши ва энг ачинарлиси, тарихий маданиятга бой маконда тасвирий санъат аҳли учун галерея фаолият юритмаслиги мендек санъат ихлосмандининг дилини хира қилмасдан қолмайди. Ахир бугун биз, Орол ҳақида тасаввурларни айнан рассом асарлари орқали томоша қилиб, завқланяпмизку. Бир халқнинг тарихи, ўтмиши рангларда жо бўлиб турган бир вақтда ижодкорнинг ижодига бепарволик қорақалпоқ тасвирий санъатининг савиясига таъсир этиб қолмасмикан?
Рассомга ижодий муҳит яратилиши, унинг ижодиётига муносиб баҳо берилиши албатта, табиатнинг ноёб иқтидор эгасини қувонтиради. У яна ва яна ижод қилишга шошилади.
Ҳурматли мутасаддилар, истардимки, тарихимиз авлодларга нафақат сўзлар замирида балки ранглар орқали ҳам етиб борсин. Келгуси авлод вакиллари бугунги кун лавҳаларини рассом ижодиёти билан ҳис этсинлар. Бу каби муаммолар етарли ва бартараф этиш эса сизу бизнинг ҳаракатимизга боғлиқдир.
санъатшунос Шоҳиста АБДУРАХМАНОВА

You may also like

Comments are closed.