Мақолалар

Муаллим дарди – китоб ёхуд мактабларда китоб етишмаслиги қачон тугайди?

«Устоз менда Ўзбек тили китоби йўқ», «Устоз ўткан дарсда Сурайё олиб кетган китобимни, уйга вазифани қилолмадим»… Аслида касбимни жуда яхши кўраман. Ўн йилдан ошиқ касб – ҳунар коллежида фаолият юритган бўлсам, мактаб ўқитувчиларига осон бизга нисбатан деб ўйлардим. Тақдир тақозоси билан «тегирмонимнинг тоши» Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги 10 – умумтаълим мактабига отилди. Бу мактабда дарс беришим мен учун ҳам машаққат ва маъсулиятли ҳам жуда қизиқарли. Чунки туманимиздаги бу мактаб Қардош тиллар мактаби яъни Туркман тиллар мактабидир. Ўқувчиларим бир – биридан яхши, одобли ва ўзбек тилида ўқиш – ёзишга жуда катта қизиқиш билан ҳаракат қилишади. Ўзбек тилидан гаплашиш уларга қийинчилик туғдиради, лекин минг бир ҳаракат билан Ўзбек тилида гапиришга уринишади. Энди гапиришни ўрганаётган фарзандимдек яхши кўраман ўқувчиларимни. Бир она фарзанди учун нима қилиш керак бўлса, мен ҳам ўқувчиларимга худди шундай оналик қилишга Ўзбек тилида тиниқ ва равон гапира олишлари учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Лекин…
Ҳар ўқув йили бошланишида мен ҳам ўқувчиларим ҳам жуда хафа бўлиб кетамиз. Бу жуда кўпчилик ўқитувчиларни хафа қиладиган ҳолат аслида. Китоб етишмаслиги… Ўзбек мактабларида китоб етишмаслиги болалар учун жуда катта йўқотишдек туйилмаслиги мумкин, лекин ўзбек тилини фақат шу китобдан ўргана оладиган ва энди зинапоянинг бошида турган ўқувчилар учун бу катта йўқотишдек туйилади. Аслида ҳам шундай. Китобларни ўқувчиларимга тарқатиш жараёни мен учун жуда машаққатли. Қайси биринидир хафа қилиб қўйишдан, сенга китоб қолмади деб айтиш кўнглимни хира қилади. Ҳар 5 йилда чоп этиладиган дарслик китоблар – ҳар йили кўпаядиган ўқувчиларимга етмай қолади. Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир фуқаро Ўзбек тилини билиши керак деймиз, лекин уларга ёшлигидан Ўзбек тилини яхшилаб ўргатмасак, тилга нисбатан меҳр уйғота олмасак кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Мактаб даврида Ўзбек тилини яхшилаб ўрганмас экан касб – ҳунар коллежида, Олий таълимда ўзбек тилида ўқиш улар учун қийинчилик туғдиради. Ўқувчиларимдан келажакда қайси соҳа бўйича ўқишни давом эттиришларини сўрайман лекин жавобларини эшитиб, хафа бўлиб кетаман. Жуда кўпчилиги чет давлатларда ўқишни хоҳлашади, «Мактаб пайтимиздан китобларни тўлиқ етиштириб беришмайди, лекин Университетга кириш учун Ўзбек тилидаги саволларни қаторлаштириб қўйишади. Туркман тилида ўқишни хоҳласам, фақат Туркман тили факультетига топширишим керак. Хеч бўлмаган – да кириш имтиҳонларимиз миллатимиздан, тилимиздан келиб чиқиб берилса, биз ҳам қийналмасдик.» Ўқувчиларимни бу фикрларидан жуда хурсанд бўламан, ўзбек тилини ўрганишга қийналса ҳам, ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ўрганишяпти деб.
Оддий Ўзбек тили ўқитувчиси сифатида Халқ таълими Вазирлигидан бу ҳолатларни ўрганиб чиқишларини сўраган бўлар эдим. Тўғри, китоб ишлаб чиқаришни ҳам ўзига яраша машаққатлари бор лекин хеч бўлмаган – да, қардош тил мактабларида китоб етишмовчилиги камайса, ўзбек тилимизни тарғиб қилиш бўйича кўзлаган мақсадимизга эришамиз назаримда….

Наргиза ИСАЕВА
Қорақалпоғистон Республикаси
Тўрткўл тумани 10 – мактаб Ўзбек тили ўқитувчиси

You may also like

Comments are closed.