Мақолалар

Қўмондон Қорақалпоқ давлат университети талабалари билан учрашди


Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари билан учрашди.
Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамини муносиб қаршилаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб жорий этилган “Ватанпарварлик ойилиги” доирасида бўлиб ўтган “Қўмондон ва талабалар” учрашувида талабалар миллий армиямиз, мудофаа салоҳиятимиз, ҳарбий хизматчилар томонидан қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар ҳақида батафсил маълумот олишди.
Тадбир давомида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўз маърузасида жумладан шундай фикрларни айтиб ўтди: “Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган. Улар ўзларининг йигитлик бурчларини бажариш мақсадида Қуролли Кучларимиз сафида ҳарбий хизматни ўтайдилар”.
Полковник Фарҳоджон Шерматов маърузаси аввалида Қуролли Кучларимиз ташкил топишининг ҳуқуқий асослари, армияни шакллантиришда босиб ўтилган мураккаб йўл, Қуролли Кучлар тузилиши ва таркиби ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Қўмондон ўз нутқида сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарлик ва уни самарали ташкил этишга қаратилиб, ўқув-жанговар машғулотлар мураккаблаштирилаётгани, топшириқларни тунги шароитда, нотаниш полигон ва ҳудудларда бажариш имкониятлари оширилгани, тактик ҳаракатларнинг янги усул ва услублари амалиётга самарали жорий этилаётганини эътироф этди. Халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган ҳар томонлама алоқалар натижасида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар мутахассислари билан тажрибалар алмашилаётгани, ривожланган мамлакатлар мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари билан алоқалар мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда талабалар Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўзаро тажриба алмашиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жанговар тайёргарликнинг 67 йўналиши бўйича «Мен ғолиб!» шиори остида ўтказиб келинаётган мусобақалар ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлишди.
Айниқса, юртимиз шарафини жаҳон ареналарида, халқаро аҳамиятга эга бўлган нуфузли мусобақа ва танловларда муносиб ҳимоя қилиб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг қўлга киритаётган ютуқлари ёшлар улкан марралар сари руҳлантирди.
Маърузада қўмондон ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ижимоий ҳимоя ҳамда барча турдаги таъминот масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Ўз нутқида у биргина, ўзимизнинг ҳарбий округимизда шу йилнинг ўзида Нукус ва Урганч шаҳарларида 90 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй ҳарбий хизматчиларга Мустақиллик байрами арафасида топширилганини, яна 30 хонадондан иборат 1 та уй Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида топширилиши режалаштирилганини айтиб ўтди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Ҳарбий-маъмурий сектор кўмаги билан 2020 йилда янгича қиёфа касб этиб, қайта такомиллаштирилган ва жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган “Нукус” дала-ўқув майдонида амалга оширилган кўламли ишлар, полигоннинг жанговар имкониятлари таъкидланди.
Ҳарбий хизматчиларнинг овқатланиш рационини тубдан яхшилаш, дастурхонларга калорияга бой, мазали миллий таомларни тортиқ этиш ҳамда қўшимча бўш иш ўринларини яратиш мақсадида вазирлик қўшинларида жорий этилган аутсорсинг тизими ҳақида ҳам сўз борди.
Маърузада ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини юксалтириш, улар учун маданий ҳордиқ ишларини сифатли ташкил этиш, мамлакат ёшлари ўртасида ватанпарварлик, садоқат ва жасоратни тараннум этгувчи тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, тарғибот ва ташвиқот тадбирларига алоҳида урғу берилди.
Полковник Фарҳоджон Шерматов маърузаси якунида талаба ёшларга тилагини шундай жумлалар билан изҳор этди:
– “Азиз талабалар, ватанпарварлик фақат ҳарбий либос кийган инсонларнинг фаолиятида намоён бўлиб қолмасдан, сиз каби ёшларимиз олий таълим даргоҳини аъло баҳоларга тугатиб, тафаккури кенг комил шахс бўлиб етишиб, фаолият соҳаларингизда юксак ватанпарварликни намоён этиб, халқимизга ва жамиятимизга садоқат билан хизмат қиладиган, таянчимиз ва суянчимиз бўласизлар деган умиддамиз”.
Шундан сўнг қўмондон ёшларнинг ҳарбийликка доир қизиқтирган саволларига жавоб берди. Шартнома асосида ҳарбий хизматга кириш, армия ёшлар учун қандай имкониятлар берилиши ва шу каби соҳага оид қизиқтирган саволларга ёшлар батафсил жавоблар олишди.
Тадбирда иштирок этаётган ёшлар сирасидан Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлар кўпчиликни ташкил этиши, жумладан 200 нафарига яқин талаба ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган тавсиянома ёрдамида ўқишга қабул қилингани қўмондонни ҳам қувонтирди.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган саф ва қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлар ёшларни хушнуд этди. Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Қорақалпоғистоннинг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй ва наволар қишки таътилга ошиқиб турган талабалар учун ўзгача туҳфа бўлди.
Қўмондон Қорақалпоқ давлат университетида ёшларнинг сифатли ва жаҳон стандартларига мос тарзда таълим-тарбия олиши учун яратилган кенг имконият ва қулайликлар ҳамда ёшларнинг ижод намуналари билан яқиндан танишди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.