Мақолалар

«Алишер Навоий миллий фахримиз ва ифтихоримиз»


Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади.
“Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”, деб ёзган эди. Яъни ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган”
Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Мозийдан маълумки, ХV аср Турони замин тарихида Иккинчи Ренессанс гуллаб-яшнаган давр бўлиб, бу юксалиш бевосита Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк хизматлари билан боғлиқ. Адолат устувор бўлган жамиятда тараққиёт шу даражага эришдики, у кунлар нафақат бизнинг халқимиз, балки бутун инсоният тарихининг энг шонли саҳифалари сифатида абадиятга муҳрланди. Шу йилларда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида қонун устуворлиги таъминланди, илм-фан,маданият ва санъат гуллаб яшнади. Ана шундай оламшумул даврниг буюк намояндаларидан бири Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари адабиётнинг гултожи сифатида майдонга чиқди. Бу йил ҳалқимиз ана шу шавкатли фарзанди туғилган куннинг 580 йиллигини тантанали тарзда нишонланмоқда. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорга кўра юбилей тадбирларининг қамрови кенг бўлиб, унда миллатимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси, бугунги кунда юртимизнинг халқаро доирадаги мавқеи намойиш этилади. Албатта, аввало буюк шоирнинг таржимаи ҳолини билиш баробарида ижодини ўрганиш ҳар бир ватандошимизнинг инсоний бурчидир.
Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Хуросон давлатининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида дунёга келган. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан, бир муддат Сабзавор шаҳрининг ҳокими вазифасида ишлаган, онаси ҳам шу хонадон хизматидаги аёллардан – шаҳзодаларни тарбиялайдиган энагалардан бири эди. Навоийнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади:
Отам бу остоннинг хокбези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи.
Алишер туғилган пайтда Хуросонда Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо ҳукмронлик қилаётган эди. Бу даврда Ҳирот йирик илм-фан вамаданият марказига айланганди. Ана шу муҳитда улғайган ёш Алишер уч-тўрт ёшларида шеър ёд ола бошлайди.
Алишер тўрт-беш ёшларида мактабга борди. Олти ёшга тўлганида (1447 йили) Хуросон подшоси Шоҳрух Мирзо вафот этиб, Ҳиротда тож-тахт учун кураш авж олади. Шаҳар аҳли нотинчликлардан қочиб, ён-атрофдаги ҳудудларга кўчади. Ғиёсиддин Кичкина оиласи Ироқнинг Тафт шаҳрига келиб яшай бошлайди. Бу шаҳарда Алишер машҳур тарихчи, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини мухтасар ёритган асар – “Зафарнома” китобининг муаллифи Шарафиддин Али Яздий билан учрашди. Тасодифий учрашув чоғида буюк олим ёш Алишернинг зийраклигига, ақлу фаросатига қойил қолди. Бу суҳбат юз берганда бўлғуси шоир Қуръонни “Таборак” (“Мулк” сурасининг иккинчи номи) сурасигача ўқиган эди. Демак, Алишер олти ёшида Қуръоннинг йигирма саккиз порасини ўқиб туширган. Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.
матлаъли ғазалини тинглаб: “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…” дея таҳсин айтган эканлар.
1452 йилга келиб Хуросонда бир қадар тинчлик ўрнатилди. Адолатпарвар Абулқосим Бобур (Шоҳрух Мирзонинг набираси, Бойсунғур Мирзонинг учинчи ўғли) Ҳирот тахтига ўтиради. Навоий оиласи яна Ҳиротга қайтиб келади. Ғиёсиддин Кичкина шоҳ хизматига киради. Кўп ўтмай, Абулқосим Бобур уни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб юборади. Бироқ ҳаёт ёш Алишернинг олдига бошқа бир оғир мусибатни тайёрлаб қўйган эди. 1453 йили Ғиёсиддин Кичкина вафот этди. Отадан ажралган ўн икки яшар Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди.Темурийзодалардан бўлган Султон Ҳусайн (Умаршайх Мирзо авлодларидан) ҳам Алишер билан бирга Абулқосим Бобур саройида хизмат қилар эди. 1456 йилга келиб Абулқосим Бобур пойтахтни Ҳиротдан Машҳадга кўчирди. Алишер билан Ҳусайн ҳам у билан бирга Машҳадга бориб саккиз йил яшайди ва1464 йили шоир яна она шаҳри Ҳиротга қайтади. Бу шаҳар ҳамон Темурийлар салтанатининг йирик маданий марказларидан бири бўлиб, олиму фозиллар кўп эди. Навоий она шаҳрида ижод қилиб, обрў қозонишга умид боғлади. Бироқ 1459 йили ҳокимиятни эгаллаган Абусаид Мирзо (Мироншоҳ Мирзо авлодларидан, Бобурнинг бобоси) ўз пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчирганди. Навоий Ҳиротда илму маърифат аҳли билан тиғиз алоқалар ўрнатди. Тасаввуф оламининг йирик шайхларидан Абдураҳмон Жомий билан ҳам шу йилларда танишди. Бироқ подшоҳнинг рўйхушлик бермагани охир-оқибат Алишерни тағин Хуросонни тарк этишга мажбур қилди. Таҳсилини чуқурлаштириш, илм ўрганиш мақсадида салтанатнинг бош шаҳри Самарқандга жўнатилди. Навоий 1466 йили Самарқандга келди.
Ўша даврларда ҳақиқий шоир бўлиш учун илгари яшаб ўтган қаламкашлардан 20 минг, замондошлар ижодидан 10 минг мисрани ёддан билиш талаб қилинган. Навоий йигитлик айёмида 50 минг мисрадан ортиқ шеърни ёд олганини “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шундай ёзади: “Йигитлигим замони ва шабоб айёми авонида кўпроқ шеърда сеҳрсоз ва назмда фусун пардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин адабиётидин эллик мингдан ортуқ ёд тутубмен ва алар завқ ва хушҳоллигидин ўзумни овутубмен”.
Навоий Самарқандда таълим олган пайтларда нақшбандия тариқатининг Баҳоуддин Нақшбанддан кейинги энг йирик пешвоси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг мавқеи бу ерда ниҳоятда баланд эди. Тарихий маълумотларга кўра, Навоий Самарқандга келган вақтда (1466 йили) Абдураҳмон Жомий Хожа Аҳрор билан учрашиш учун атайлаб Ҳиротдан Самарқандга келиб кетади.
Алишер ана шундай маънавий-маърифий марказда 1469 йилнинг бошларигача яшади. Бу даврда у Мовароуннаҳр ҳаётини яқиндан ўрганди, она халқининг асосий қисми истиқомат қиладиган юртга чексиз меҳр қўйди. У бу меҳрни кейинчалик “Хамса”нинг охирги достони – “Садди Искандарий”да Искандарнинг Мовароуннаҳр, жумладан, Самарқандни забт этишини тасвирлаш баҳонасида ўта самимий баён этди.
Айни камолот босқичида турган 28 ёшли йигитнинг қизғин сиёсий, маданий-маърифий фаолияти Ҳирот ҳукмдори Абусаид Мирзонинг вафоти (1469 йил бошлари)гача давом этади. Темурийзодалар ўртасида яна тахт учун қизғин кураш авж олди. Бу курашда неча йиллардан буён тахт орзусида юрган Султон Ҳусайн Мирзонинг қўли баланд келди. У кўп ўтмай, Ҳирот тахтини эгаллади.
Султон Ҳусайн билан Алишер Навоий мактабда бирга ўқиган, Абулқосим Бобур саройида бирга хизмат қилган қадрдон дўстлар эди. Улар: “Қачонки бахт бизга кулиб боқса, дўстлигимизга содиқ қолиб, ўзаро ҳамкор бўламиз”, дея аҳду паймон қилган эдилар. Ана шу ваъдага мувофиқ, Султон Ҳусайн Самарқандга – дўсти Алишер Навоийга махсус мактуб йўллаб, уни Ҳиротга – сарой хизматига даъват этди. Навоий тезлик билан Ҳиротга етиб келди. 1469 йилнинг апрелига тўғри келган Рамазон ҳайити муносабати билан дўсти Ҳусайнни муборакбод этар экан, Навоий унга тахтни эгаллаши билан қутлаб битган “Ҳилолия” қасидасини ҳам тақдим этади.
Султон Ҳусайн Навоийни муҳрдорлик лавозимига тайинлади. Муҳрдорлик муҳим лавозим бўлиб, давлатнинг барча ҳужжатлари у орқали расмийлаштириларди. То Навоий имзо қўйиб, муҳр босмагунича бирорта ҳужжат қонуний кучга кирмас эди. Шоир шу вазифада туриб, Хуросон давлатини мустаҳкамлаш, мамлакатни адолатли бошқариш, эл-юрт манфаатлари йўлида хайрли ишларни амалга ошириш, илм-фан, касбу кор ва ҳунарларни ривожлантиришда подшоҳга яқиндан ёрдам берди. Бироқ шоир ижод ўтида ёнарди. Давлат хизмати унинг эркин қалам тебратишига вақт қолдирмас эди. Шунинг учун кўп ўтмай, Навоий муҳрдорлик вазифасидан истеъфо берди. Ўрнига туркий ва форсий тилларда ижод қилган зуллисонайн шоир Амир Шайхим Суҳайлий тайинланди.
Султон Ҳусайн Навоийнинг иштирокисиз давлат ишларини кўнгилдагидек олиб бориши мушкул эди. Давлат бундай донишманд, оқил, одил шахсга, халқ орасида улкан обрў-эътиборга эга зотга муҳтож эди. Шунинг учун 1472 йили Султон Ҳусайн Мирзо, Навоийнинг норозилигига ҳам қарамай, уни амир, яъни вазир қилиб тайинлади ва унга амири кабир унвонини берди. Бу унвон шоир умрининг охиригача сақланиб қолди.
Навоий шахсий даромадлари ҳисобидан кўплаб иморатлар қурдирди. Улар орасида мадрасалар, хонақоҳлар, масжидлар, шифохоналар, мақбаралар, кўприклар, тўғонлар, ҳаммомлар бор. Ҳиротдаги “Низомия”, “Ихлосия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” табибхонаси, Марв, яъни ҳозирги Туркманистоннинг Мари шаҳридаги “Хусравия” мадрасаси Навоий қурдирган энг машҳур меъморий ёдгорликлар ҳисобланади. Тарихчи олим Давлатшоҳ Самарқандий Алишер Навоийни давлат арбоби сифатида қуйидагича эътироф этади: “ Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир”. Шоир «Вақфия» асарида ўзининг бинокорлик ва хайрия ишларига якун ясаб, ўз-ўзига ҳисоб берган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Улуғ Амир даромадининг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир ёзишича Навоий 52та работ, 20та ҳовуз,16та кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни барпо қилган. Алишер Навоий ҳақидаги манбаларда шоир ўзи қурдирган мадраса, шифохоналарни керакли жиҳозлар билан жиҳозлатган, фаолият бошлаган биноларни мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаган. У улуғ зот ўқитувчи ва талабалар, шифокорлар фаолияти давомида ойлик маош, озуқа, кийим-бош, талабалик нафақаси олишлари учун вақф ерлари ажратилишини йўлга қўйган, уларнинг фаолиятини эса ўзи назорат қилиб турган. Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида ана шундай 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган. Шунингдек, Навоий турли соҳа олимларига ҳомийлик қилиб, ўнлаб илмий рисолалар битилишига бевосита сабабчи бўлган. Мутафаккир бобомиз тадбиркор, ишбилармон бўлиш баробарида илм-фанни ҳам эъзозлаган.
Шоир куч-қувватга тўлган айни ўттиз беш ёшида, яъни 1476 йили вазирлик лавозимидан ҳам истеъфо берди. Бироқ у мансабдан воз кечган бўлса ҳам, Султон Ҳусайн саройининг энг нуфузли кишиларидан бири бўлиб қолаверди.
Илм, адабиёт, санъат ва ҳунар аҳли Навоийни ўзларининг чинакам ҳомийси деб билар эди. Кўплари ёзган асарларини ана шу улуғ амирга бағишлар эди. Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида шундай китоблардан қирққа яқинини санаб ўтади. Масалан, ҳазрат Абдураҳмон Жомий авлиёлар ҳақидаги тазкираси “Нафаҳот ул-унс ва мин ҳазорат ул-қудс”ни 1475-1476 йили шогирди Навоийнинг илтимоси билан яратган. Ўз даврининг йирик адабиёт назариётчиси Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг 1493 йили битилган аруз ва бадиий санъатлар ҳақидаги “Бадойиъ ус-санойиъ” асари ҳам Навоийнинг жиддий талаби ва рағбати билан қоғозга туширилган.
Тахминан 1472–1476 йиллар орасида Навоий ўзининг биринчи девони “Бадойиъ ул-бидоя”ни тузган эди.
Навоий “Хамса”ни мисли кўрилмаган бир қисқа муддатда ёзиб тугаллайди.
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ.
Керак шер олдида ҳам шери жанги,
Aгар шер ўлмаса, бори паланги.
1483 йили бошлаган ишини 1485 йили ниҳоясига етказади.
“Хамса” фақат Навоий ижоди ёки биргина ўзбек адабиётининг чўққиси эмас. У Шарқ адабиёти, шунингдек, жаҳон сўз санъатининг ҳам энг буюк бадиий обидаларидан бири ҳисобланади. “Хамса” яратилиши билан ўзбек адабиёти жаҳоннинг юксак поғоналарига кўтарилган адабиётларидан бирига айланди.
“Хамса”ни тугаллаб, Навоий уни Султон Ҳусайн Мирзога тақдим этганида шоҳ шоирни отга миндириб, бир неча қадам ўзи пиёда отни етаклади. Бу нодир воқеа Темурий ҳукмдорнинг миллий адабиёт қадрини нақадар юксак баҳолай олганидан далолат беради.
Буюкларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Навоийнинг халқ орасидаги обрў-эътибори ҳам, шоҳ олдидаги мавқеи ҳам айрим кимсаларни хурсанд қилмас эди. Шоирнинг ашаддий душманларидан бири Маждиддин Муҳаммад бўлиб, Султон Ҳусайн Мирзо тахтни эгаллаганидан кейин уни парвоначи лавозимига тайинлади. Мудом адолатга зид ишларни амалга оширганини, халқдан зўрлик билан тўпланган маблағни айш-ишратларга сарфлаганини улуғ мутафаккир подшоҳга тушунтириб, Маждиддинни лавозимидан четлаттирган эди. Бу улар ўртасидаги келишмовчиликни янада кучайтирди.
Султон Ҳусайн хазинасида молиявий танглик юзага келган маҳалда Маждиддин яна йўлини қилиб, шоҳнинг пинжига кириб олди. У Султон Ҳусайнга: “Ҳуқуқ беринг, мен оз фурсатда халқдан йиғиб келай ўша маблағни”, деди. Шундай қилди ҳам. Шу баҳона у шоҳнинг ишончини қозониб, яна вазирлик лавозимини эгаллаш ҳаракатига тушди. Бу мақсадига етиши учун эса, қандай қилиб бўлмасин, Навоийни Ҳиротдан узоқлаштириши зарур эди. Бунинг ҳам йўли топилди. Султон Ҳусайн Мирзо Навоийни Хуросон давлатининг ғарбий чегараларида жойлашган узоқ Астрободга ҳоким қилиб тайинлади.
Навоий ҳаётининг сўнгги 15 йили ниҳоятда қизғин ижод даври бўлди. Меросининг каттагина қисмини айнан шу — 45 ёшдан кейин яратди. Биринчидан, шоир давлат ва жамият ишларидан бир қадар фориғ бўлди. Иккинчидан, унинг асарлари яратилиши кетма-кетлигига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф шошилиб, улгуриб қолишга интилиб ишлагани маълум бўлади. “Хамса”дан кейин шоир “Зубдат ут-таворих” асарини ёзди.
1488-1489 йиллари Навоийнинг устози Саййид Ҳасан Ардашер вафот этди. Бу пайтда ҳам шоир Ҳиротдан йироқда эди. Орадан икки йил ўтганидан кейин, яъни 1490 йили у “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарини битиб, бу ажойиб инсоннинг фазилатларини бағоят меҳр билан баён этди.
1492 йили Навоийнинг бошига яна бир оғир мусибат тушди. Пири ва устози Абдураҳмон Жомий вафот этди. Навоий пири ва устози учун соҳиби аза бўлди. Жомийнинг йил ошида замонасининг машҳур воизи Ҳусайн Воиз Кошифий Навоийнинг пири ва устозига бағишлаб битган машҳур марсиясини Султон Ҳусайн ҳузурида қироат билан ўқиб турди. Устози вафотидан икки йил ўтиб, яъни 1494 йили Навоий пири ҳақида “Хамсат ул-мутаҳаййирн” (“Беш ҳайрат”) асарини битди.
1493 йили шоир яна бир суянган тоғи, мураббийи, дўсти, замонасининг улуғ фозилларидан Паҳлавон Муҳаммаддан айрилди. “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асари ана шу улуғ зот хотирасини абадийлаштириш мақсадида қоғозга туширилди.
Шоир ўзи битган ҳар бир сатрнинг қадрига етадиган ижодкор эди. Ўша даврда расм бўлганидек, Навоий ҳам ўзининг Султон Ҳусайнга, шаҳзодаларга, устозлари, биродарлари, қадрдонларига йўллаган мактубларини жамлаб, “Муншаот” (“Мактублар”) тўпламини тузди.
1495-1496 йиллари Навоий Жомийнинг “Нафоҳат ул-унс ва мин ҳазарот ул-қудс” тазкирасига жавобан туркийда “Насойим ул-муҳаббат ва мин шамойим ул-футувват” (“Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шаббодалари”) асарини яратди. Сўфийлар ҳақидаги бу тазкираХV аср иккинчи ярмигача яшаб ўтган 770 нафар шайх (Жомий асарида 618) ва авлиё аёллар (35 нафар) ҳақида маълумот берувчи бой манба ҳисобланади.
Кишининг болалигида кечган фикр-ўйлари, тасаввур ва орзу-интилишлари, замонлар ўтиб қайтадан авжланиши, инсон яна ўша кўп йиллар илгариги ниятларини амалга ошириш тараддудига тушиб қолиши мумкин экан. Навоий умрининг сўнги йилларида – 58-59 ёшларида, яъни 1498-1499 йиллари “Лисон ут-тайр” (“Қуш тили”) достонини битиши ҳам худди шундай туйғулар оқимининг самараси эди. Чунки Алишер Навоий болалигида улуғ шоир Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини тўлиқ ёд олган эди. Умр адоғида эса унинг таъсиридаги “Лисон ут-тайр” (асарда “Фоний” тахаллусини қўллаган) дунёга келди.
Навоий ўзбек шеъриятини тамоман янги поғонага олиб чиқди. У форсийда битилган шеърларини “Девони Фоний”га, туркийда ёзилган шеърларини эса “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деган тўрт мустақил девондан иборат мажмуага жамлади. “Хазойин ул-маоний”га тартиб бериш 1491-1492 йиллари бошланган эди. Бу кенг кўламли жиддий иш 1498-1499 йилларгача давом этди.
Улуғ зотнинг мухлислари унинг асарларини бир китобга жамлаб, “Куллиёт” ҳам тузишди. Навоий ана шу “Куллиёт” учун кириш тарзида “Муножотнома” насрий асарини ёзди.
Навоий буюк асарлари билан туркий тил ҳам жаҳондаги буюк адабиёт яратишга лойиқ бир лисон эканини исботлади. Бу фикрнинг назарий исботи сифатида 1499 йили “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) рисоласи дунёга келди.
1499-1500 йиллари “Сирож ул-муслимин” (“Мусулмонлар чироғи”) асари битилди.
Навоий умрининг сўнгида ахлоқий-панднома руҳидаги “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) асарини ёзди. 1500 йили битилган бу китоб Навоийнинг энг йирик асари ҳисобланади. Унда мутафаккирнинг узоқ йиллик ҳаётий хулосалари ўта таъсирчан баён этилган.
Навоий 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда вафот этди. Навоий яратган ўлмас асарлар туганмас маънавий мулк сифатида абадий қолди. Ўзбек халқи бу бой мерос билан ҳақли равишда дунёдаги буюк адабиёт яратган миллатлар қаторидан жой олди. Туркий оламда ундан олдин ҳам, кейин ҳам бундай буюк соҳиби қалам чиққани йўқ. Буюк мутафакирнинг “ Мир- Амир, Амри ул-муқарраб – Подшоҳга энг яқин амир, Амири кабир – Улуғ амир, Шамс ул-миллат – Миллат қуёши, Низомиддин – Дин низоми” дея замондошлари томонидан эътироф этилганлигининг ўзи биз авлодлар учун буюк намуна тимсолидир. Олимларнинг тахлилий маълумотларига кўра Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин, Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган.
Ҳазрат Алишер Навоий жаҳон адабиётининг даҳо шоири сифатида эътироф этилади. У васф этган мавзулар доираси, асарларининг сўз хазинаси ва юксак маҳорати шундай унвонни тасдиқлайди. Буюк шоирнинг асарлари дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинган. Алишер Навоий жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олган. Албатта, Ҳазрат Алишер Навоий ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарганлиги туркий забон халқлар учун фахрдир.Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинган. Дунё аҳли унинг асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар, фалсафий мушоҳадаларидан завқ олиб, шоирга эҳтиром бажо келтирмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари Жонибек Сеттиев

You may also like

Comments are closed.