Мақолалар

Наврўз байрами қадриятлар тимсолидир


Бугун ва ўтмишда қадимий Наврўз байрамининг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.
Наврўз байрами кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини кўрсатиб берадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши муҳимдир.
Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, Ўзбекистон фуқароси бўлган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамдир.
Ушбу Наврўз байрамининг нишонланиш тарихи билан боғлиқ маълумотлар турлича талқин қилинади. Жумладан, Абу Райҳон Беруний бобомиз бир қанча таърифларни шундай ёзади: «Наврўз ўтмиш замонларда қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, ҳайвонларда уйғониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган», «Бу кун-фаришталар қадрлайдиган кундир, чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пайғамбарлар ҳам қадрлайдичунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар ҳам қадрлайдилар, чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир»
Наврўз байрамига оид қайдлар қадимги Хитой солномаларида ҳам учрайди. Хусусан, қадимги Хитой муаррихи Вэй Цзе самарқандликлар нишонлаган Наврўз байрами ҳақида шундай ёзган: «Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам янги либосларини кияди, соч-соқолларини олдиради. Шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги дарахтзор ёнида жойлашган майдонда тўпланишиб, байрам қилишади. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб, камондан нишонга ўқ отиш баҳсида қатнашади. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва уни бехато урган мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади».
Шарқдан ғарбгача қадар чўзилган минтақада муайян халқлар, хусусан, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Озарбайжон, Баҳрайн, Ливан, Покистон, Ҳиндистон, Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Албания ҳамда бошқа ўлкалардаги миллатлар баҳорги тенгкунликни бир неча минг йилдан бери тантана қилиб келмоқда. Умуман олганда, Наврўз байрами инсоният ўзлигини илк бор ёрқин намоён эта олгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Наврўз 2009 йил 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 мартни халқаро Наврўз куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу байрам эндиликда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ анъана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилмоқда.
Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланди. Наврўз яхши қўшничилик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам Наврўз инсоният маданиятининг бир қисми эканига алоҳида эътибор қаратган эди: «Наврўз – бу бугунги чегаралар ва ихтилофлардан қадимийроқ байрам. У чегаралар муҳим эмаслиги, барчамиз инсон фарзанди эканимизни эслатиб туради. Шу тариқа, Наврўз ўртадаги тўсиқларни бузиб ташлаб, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлайди. Қадимда Наврўз байрами куни урушлар тўхтатилган, гина-кудуратлар, аразлар унутилган. Наврўзда хилма-хил маданиятлар бирлашади. Шунинг учун ҳам ушбу байрам барчага намунадир», – деб қайд этганди у.
Дарҳақиқат,Наврўз байрами ўзида янгиланиш, яшариш, тинчлик, бунёдкорлик каби умумбашарий ғояларни бирлаштириб келмоқда.
Ушбу мақоламни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги қалб сўзлари билан якунламоқчиман: « Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин! Осомнимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Наврўз асрлар мобайнида биз учун эзгулик тимсоли, инсон қалбида бунёдкор, ёруғ орзу-умидлар куртак очадиган фасл бўлиб келган ва шундай бўлиб қолажак».
Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари Жонибек Сеттиев.

You may also like

Comments are closed.