Мақолалар

Устозга эҳтиром


“Мен шунча юрт кезиб, муаллимга, шеърга қўйилган ҳайкални Элликқалъада кўрдим!”
Абдулла Орипов
Ўзбекистон Қахрамони

Мамлакатимизда, ҳусусан илм-фан, маданият ва маърифат, таълим тизимида амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар табаррук диёримизда камол топган буюк мутафаккирлар, улуғ муҳаддис олимлар, фозилу-фузалоларнинг бизга қолдирган бой маданий меросини ўрганиш имконини берди. Бугун Ўзбекистон ўзининг тарихий қадамжолари, диққатга сазовор гўзал масканлари, шонли тарихи билан мамлакатимизга ташриф буюрувчи чет эллик сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Ана шундай диққатга сазовор жойлардан бири, фидойи касб эгалари бўлмиш устозларга атаб ўрнатилган мамлакатимиздаги ягона ёдгорлик – “Устозга эҳтиром” ҳайкалининг яратилиш тарихи ҳақида сўз юритамиз.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ҳодими, таниқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг “Жавзо ташрифи” номли тўпламидан ўрин олган “Дарсдан сўнг” шеъри ушбу ҳайкалнинг барпо бўлишига сабаб бўлган. Шеър бундай бошланади:

Кимнидир койиди чеккани учун,
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларин йиғди – да сўнгра,
Бир-бир санаб кўрди, етти дафтар кам.
“Ҳар гал шундай аҳвол!
Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар.
Хайр”.

Воқелик шўро тузумининг оғир йилларида кечганлигини шеърнинг руҳиятидан илғаб олиш мумкин. Чекка бир қишлоқдаги мактабда муаллимлик қилаётган аёл ҳар куни қир оша мактабга қатнайди. Кунларнинг бирида қишлоқ муаллимаси уй вазифасини бажармаган етти ўқувчисини койиб, дарсдан сўнг қолган ўқувчиларнинг машқ дафтарларини қўлтиқлаб, уйига ёлғиз ўзи йўл олади. Оиласидан, фарзандлари аҳволидан хавотирга тушган муаллимани ҳамкасбларидан бирининг “қолинг” деган қистови ҳам тўхтатиб қололмайди. Овул тугаб, қирга чиққунча атроф сим-сиёҳ бўлишига қарамай, у йўлида давом этади. Йўлда эса мактаб ўқитувчиси бўрилар галасига дуч келади.
Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир, қиларди таъқиб.
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

Ҳар бир ёқилган дафтар қашқирларни маълум муддат
тўхтата олади холос. Аммо…

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
Оч йиртқич биларми надир садоқат.
Уйга яқин қолган вақтда тугади.
Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.
Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аъза очди, замон йиғилади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи,
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
…Нўноқ назмим учун афв эт мени, ҳалқим,
На олим, на фозил, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай,
Қолган болаларнинг бириман.
Мен яхши биламан, тумор қилмайди,
Ёзган шеърларимни менинг ошиқлар.
Мен яхши биламан, қўшикларим жўн,
Биламан булар бир оддий машқлар,
Лекин … кетмоқдасан келажак сари,
Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.
Ўзимча асрагим келади сени,
Ёвузлик, хиёнат қашкирларидан
Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун,
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
…Сен йул бўйи ёқиб кетавер,
Қашқирлар қўрқувчи китобларимни….

Шеър тугади. Аммо фикр тугагани йўқ. Шоирнинг ушбу шеъри аслида ўқитувчига атаб сўздан қўйилган ҳайкал эди. Шоир юрагига қуйилиб келган туйғуларида жамланган устозларга эҳтиром, сўз иншооти торлик қилганидан ҳайкалтарош қўллари орқали, Элликқалъа туманининг маркази Бўстон шаҳрида қад рослаган ҳайкалда ўз ифодасини топди. Туман хокимлиги ташаббуси билан, ташландиқ ер ҳашар йўли билан обод қилиниб, ёшлар ҳиёбонига айлантирилди. Моҳир ҳайкалтарош Виктор Халиманов шеърдаги ғояни ганжга кўчиради. Яна бир катта ёргорлик барпо қилиниб унга “Устозга эҳтиром” деб ном берилди ва ёшлар ҳиёбонидан жой эгаллади. 2002 йили Ўзбекистон Қахрамони Абдулла Орипов бошчилигида бир гуруҳ адабиёт намоёндалари иштирокида ушбу ёдгорликнинг очилиш маросими катта тантаналар билан бўлиб ўтди. Ҳар йили юртимизда кенг нишонланадиган 1- октябр “Устоз ва мураббийлар куни” байрами арафасида ушбу ёдгорлик атрофи бир-биридан чиройли гулчамбарларга бурканади. Бу ерга ташриф буюриб, чуқур разм солган ҳар қандай инсон, бу ёдгорликда аввало ўз устозининг рамзини кўради. Хайкал одам бўйи баробар шоҳ супада, муаллима ўқувчисини ёнига олиб, сал хорғин, аммо келажак сари мағрур боқиб, секин қадам босиб кетаётган холда тасвирланган.

Дилшодбек Жуманиёзов Элликқалъа тумани 4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси

You may also like

Comments are closed.