Янгиликлар

Маданий бойликлар юртимизда қолдирилди

Божхона органлари томонидан маданий меросимизни сақлаб қолиш, уларнинг юртимиз ҳудудидан ноқонуний равишда олиб чиқилишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ота” чегара божхона пости орқали фуқаро Н.И бошқарувида қўшни давлатга чиқиб кетаётган “FORD TRANZIT” русумли юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганида, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 3 дона икки томонлама очиладиган, ўйма нақшлар туширилган гужум дарахтидан ясалган эски ёғоч эшиклар борлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги Маданий мерос агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан тақдим этилган экспертиза хулосасига кўра, гулли ўймакор нақшли қўл санъати маҳсули ҳисобланган ушбу эшиклар Бухоро ва Хоразмлик усталар томонидан “убайдий” услубида XIX асрда яратилган бўлиб, уларни республикамиз ҳудудидан олиб кетиш ман этилади.
Маданий бойликларнинг мамлакатимиз чегаралари орқали олиб ўтилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида” қарорга мувофиқ амалга оширилади.
Мазкур қарорга асосан, маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифасига этнографик объектлар;ўйма нақшлар, эстамплар, амалий-декоратив санъат асарлари (шиша, лой, ёғоч, металл, суяк, мато ва бошқа материаллардан ишланган бадиий буюмлар) ҳам кириши белгиланган бўлиб, бу каби маданий меросларни ваколатли органлар томонидан тақдим этиладиган махсус рухсатномаларсиз юртимиз ҳудудидан олиб чиқиш таъқиқланади.
Ҳозирда ушбу маданий мерос Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейига топширилган бўлиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

You may also like

Comments are closed.