Янгиликлар

Нукусда ҳарбий округнинг уч чорак якунлари сарҳисоби танқидий таҳлил этилди


Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларининг 9 ойлик натижалари сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов раислик қилган йиғилишда округ қўшинлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасалар командир ва бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда мансабдор шахслар иштирок этди.
Танқидий таҳлил руҳида ўтган тадбирда ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва камчиликлар сарҳисоб этилиб, навбатдаги чоракка вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг барча ўринбосарларининг йўналишлар бўйича маърузалари тингланди. Унда эришилган натижалар, йўл қўйилган камчилик ва хатоликларнинг асосий омиллари, уларни бартараф этиш йўллари чуқур муҳокама этилиб, келгуси хизмат фаолиятда бу камчиликларнинг олдини олиш бўйича таклифлар умумлаштирилди. Хизмат мажбуриятларини бажаришда йўл қўйган камчиликлар учун мансабдорлар қаттиқ огоҳлантирилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ўтган ҳисобот даври давомида қўшинларнинг жанговар тайёргарлик йўналиши бўйича бўлинмалар 350 маротабага яқин кундузги ва тунги амалий ўқ отиш ҳамда 50 дан зиёд жанговар машиналарни ҳайдаш машқларини бажарди. Бўлинмалар 90 га яқин пиёда марш юриш ва 40 га яқин дала чиқишларини амалга оширди. Бўлинмаларда рақобатбардош муҳитни таъминлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спортдаги натижаларни рағбатлантириш мақсадида ҳарбий округ миқёсида миллий кураш, спортча мўлжаллаш, армия биатлони, тош кўтариш ва ўқ отиш, офицерлар учкураши, ҳарбий кўпкураш ва сузиш, футбол, кўргазмали қўл жанги бўйича мусобақалар, “Ўз касбининг устаси” унвони учун 4 та номинация бўйича беллашувлар ташкил этилди.
Мудофаа вазирлиги миқёсида “Мен ғолиб!” шиори остида анъанавий ўтказилиши йўлга қўйилган жанговар тайёргарликнинг 26 номинацияси бўйича баҳсларнинг 7 тасида ҳарбий округ юксак натижаларни қайд этди. Танк Т-62 экипажлари ўртасидаги “Танк биатлони” ҳамда БТР-80 экипажлари ўртасидаги “Жанговар машиналар биатлони” беллашувларида ҳарбий округ вакиллари жорий йилда Мудофаа вазирлиги миқёсида тенгсиз эканликларини исботлади. 122 мм.ли Д-30 гаубицани ва 23 мм.ли зенит қурилмасини таъмирлаш йўналишларида ўтказилган “Қуролсоз уста” мусобақаларида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари шоҳсупанинг иккинчи поғоналаридан жой олишга муваффақ бўлди. Шу танловнинг ўқотар қуроллар биатлони ҳамда 122 мм.ли жанговар машинани таъмирлаш йўналишларида ўтказилган “Қуролсоз уста” номинацияларида, АГС-17 ҳисоби ва кўчма зенит ракета мажмуаси отувчи зенитчилари ўртасидаги баҳсларда ҳарбий округ учинчи ўринларни қўлга киритди. Албатта, бундай юксак натижаларга эришишнинг асосий сабаблари жанговар тайёргарлик машғулотларини ташкиллаштириш ва ўтказишда командирлар ва шахсий таркибнинг масъулияти, шижоати ҳамда тиришқоқлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Қолаверса, ўтган муддат давомида ҳарбий округ вакиллари Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган офицерлар учкураши, ҳарбий кўпкураш ва эркин усулда сузиш мусобақасида 1-ўрин, спорт взводлари ўртасидаги армия қўл жанги ҳамда армия биатлони, тош кўтариш ва ТОЗ-8 милтиғидан ўқ отиш спорти мусобақаларида 3-ўринларни эгаллаган.
Жорий йилги VII Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари мамлакатимиз учун мисли кўрилмаган натижаларни қайд этди. Бу йилги беллашувлар якуни бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Хитойни ортда қолдирди ва Россия Федерацияси ҳарбийларидан кейин иккинчи поғонадан жой олди. Ана шундай дунёнинг нуфузли мусобақасида мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганлар орасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаётган 9 нафар офицер ва сержантлар етти йўналишда иштирок этган.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳаётида 2021 йилнинг энг муҳим воқеаси Хоразм вилоятида жойлашган “Янгиариқ” умумқўшин полигонининг қайта реконструкциядан кейин фойдаланишга топширилиши бўлди. Полигонда 27 та ҳарбий ва ижтимоий объектларда тўлиқ капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Замонавий кўринишда ихчам ва қулай шарт-шароитларга эга бўлган 350 ўринли иккита ётоқхона, 20 та машғулот хоналаридан иборат бўлган иккита ўқув биноси, 300 ўринли ошхона, 150 кишига мўлжалланган алоҳида санитар тизим янгидан қурилди. Чегара қўшинлари, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар ва Миллий гвардия бўлинмаларининг амалий машғулотларини олиб бориш тактикасидан келиб чиқиб алоҳида ўқув майдонлари яратилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Мудофаа вазирлигининг таянч мактаблари сифатида Қорақалпоғистонда оталиққа олинган 17 та умумтаълим мактабларнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани учун ўқув-моддий базалар яратилди ва файдаланишга топширилди.
2021 йилнинг 9 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида аҳоли ва ёшлар билан таълим-тарбия муассасалари, маҳалла ва меҳнат жамоаларида 1 100 дан ортиқ ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, 700 га яқин давра суҳбатлари ва учрашувлар, 250 дан ортиқ маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, 120 дан ортиқ соғломлаштириш ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда 25 000 дан ортиқ ўқувчи-ёшлар ва талабаларни жалб этган ҳолда ҳарбий қисм ва муассасаларда 100 га яқин экскурсиялар ҳамда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, шунингдек, 200 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари, 14 маротаба ҳарбий-ватанпарварлик акциялари ташкил этилди.
Профилактик ҳисобда турган ҳамда нотўғри йўлларга кириб қолган ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг фарзандлари учун “Эр йигитнинг эр йигитга айтган гапи таъсирли бўлади” шиори остида ҳарбий қисмларда 11 маротаба бир кунлик ватанпарварлик тадбирлари ўтказилиб, шу кунга қадар ушбу тадбирларга 450 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинишига эришилди.
Ҳарбий хизматчилар билан фан, маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар иштирокида 200 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар, 105 маротаба интеллектал ўйин ва викториналар, 18 маротаба китоб ярмаркалари ва янги адабиётларнинг тақдимотлари, одоб-ахлоқ меъёрлари бўйича 102 та тарғибот учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари билан тарихий обидалар, музейлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга 70 маротаба ташрифлар уюштирилди.
Қўшинларда ахлоқий-руҳий тайёргарликка қаратилган 90 дан ортиқ машғулотлар, куч тузилмалари билан ҳамкорликда 2 маротаба семинар ташкил этилди. 32 маротаба ижтимоий ва психологик тадқиқотлар, ҳарбий жамоалар билан 330 дан ортиқ психологик тренинглар, 280 дан ортиқ психологик консультациялар ташкиллаштирилди.
Уч чорак якунлари бўйича ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, ҳарбий хизмат ўташнинг хавфсиз шароитларини таъминлаш борасида соҳа вакиллари билан 270 дан ортиқ профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, семинарлар ва хизмат йиғилишлари бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида тарбиявий ва мафкуравий ишлар йўналишида уч чорак давомида ўтказилган кўрик-танловлардан “Энг яхши бошланғич ташкилот етакчиси”, “Намунали ҳарбийлар оиласи”, “Энг намунали ҳарбий маҳалла” йўналишларида ҳарбий округ вакиллари фахрли биринчи ўринларни, “Энг яхши маънавият ва маърифат хонаси”, “Энг яхши бошланғич ташкилот етакчиси хонаси”, “Энг яхши ҳарбий шаҳарча” йўналишларида иккинчи ўринларни ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўртасидаги “Балли аёллар” беллашувида учинчи ўринни қўлга киритди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида 2021 йилда Мудофаа вазирлиги томонидан 26 нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзли тавсияномалар берилган бўлиб, улардан 20 нафарининг фарзанди олийгоҳ талабаси бахтига эришди.
Урганч ва Нукус шаҳарларида 5 қаватли 30 хонадондан иборат иккита уй узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида ҳарбий хизматчиларга тантанали тарзда топширилди.
Жорий йилдан ўтказилиши бошланган мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг финал босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ томонидан тайёрланган Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги 41-сон умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, мусобақанинг биринчи ғолиби сифатида тарихга мухрланиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 11-синф ўқувчилари ўртасида жорий йилдан ўтказилиши бошланган амалий ўқ отиш машғулотларига Қорақалпоғистондан 10 942 нафар ва Хоразмдан 11 900 нафар, жами 22 842 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилди. Шунингдек, ўрта махсус ва умумтаълим мактабларининг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан Қорақалпоғистондан 634 нафар ҳамда Хоразмдан 452 нафар, жами 1 086 нафар ўқитувчи ҳам ушбу машғулотларда иштироки таъминланди.
Йиғилиш сўнгида кўриб чиқилган ҳисоботлар бўйича ҳайъатнинг тегишли баённомаси тузилди. Ҳарбий қисм командирлари ва муассаса бошлиқлари бўйсунувчи бўлинмалар билан келгусида юксак натижаларни қайд этишга ваъда берди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.