Янгиликлар

Нукус гарнизонида ММА бўйича Марказий Осиё чемпионати арафасида матбуот анжумани ўтказилди


Хабарингиз бор, 9-10 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида аралаш жанг санъатлари бўйича ҳаваскорлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида илк бор ўтказилаётган мазкур нуфузли мусобақа Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари Конфедерацияси (CАММАC) ҳамда Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси томонидан ташкил қилингани Марказий Осиё спорт оламида тарихий воқеа сифатида мухрланиб қолиши табиий.
Чемпионатда “CАММАC”га аъзо бўлган 5 та мамлакат вакиллари яъни, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонлик аралаш жанг санъати усталари ғолиблик учун беллашади.
Бугун, 8 октябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги муҳташам Маънавият ва маърифат марказининг тантаналар залида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Халқаро аралаш жанг санъатлари (ММА) федерацияси президенти Керрит Браун, Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари – Ўзбекистон ММА федерацияси вице-президенти Алишер Норбоев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Расул Зарекеев оммавий ахборот воситалари, спортчилар ва ёшларнинг саволларига жавоб беришди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё чемпионатининг илк баҳсларига 9 октябрь куни Нукус шаҳридаги муҳташам “Манеж” спорт мажмуасида старт берилади. Чемпионатда спортчилар 52.2 кг, 56.6 кг, 61.2кг, 65.8кг, 70.3кг, 77.1кг, 83.9 кг, 93 кг, 120 кг, ва +120.2 кг вазн тоифаларида кураш олиб боришади. Жанглар 3 раунддан иборат бўлиб, ҳар бир раунд 3 дақиқа давом этади. Чемпионат дастурига биноан 9 октябрь соат 10:00 саралаш жанглари, 18:00 Марказий Осиё чемипонатининг тантанали очилиш маросими, 19:00 ярим финал жанглари, 10 октябрь соат 10:30 да эса финал жанглари ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Марказий Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан тажрибали спортчилар билан бир қаторда 20 нафар ёш ва умидли ҳаваскор спортчилар иштирок этади.
Матбуот анжумани якунида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан меҳмонларга Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида яратилган шароитлар, ҳарбий хизматчилар оилалари учун фаолият юритаётган спорт, рақс, шахмат-шашка ва фан тўгарақлари ҳамда ҳарбий округ тарихи музейига экскурсия ташкил этилди. Халқаро аралаш жанг санъатлари (ММА) федерацияси президенти Керрит Браун экскурсиядан жудаям руҳлангани, бу ерда ажойиб шароитлар муҳайё этилганини таъкидлаб, ҳарбий округ қўмондонлигигаўз ташаккурини билдирди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.