Янгиликлар

Нукусда Регби-7 бўйича Ўзбекистон кубоги ва чемпионати бошланди


Бугун, 9 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Турон” марказий стадионида спортнинг Регби-7 тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон кубоги ва чемпионати баҳсларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри садолари остида қалбларни ғурур ва ифтихорга тўлдириб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари – Ўзбекистон Регби федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Норбоев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Расул Зарекеев ҳамда бошқалар шиддатли спорт мусобақаси иштирокчиларини қутлади. Мамлакат миқёсидаги мусобақалар ёш ва умидли спортчиларимизнинг жаҳон спорт ареналарида муносиб иштирок этишлари учун пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, 9-10 октябрь кунлари Нукус шаҳрида ўтказилаётган яна бир нуфузли мусобақа – аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича ҳаваскорлар ўртасида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё чемпионати баҳсларини кузатиш учун Қорақалпоғистонга келган Халқаро аралаш жанг санъатлари (ММА) федерацияси президенти Керрит Браун Регби-7 мусобақасининг фахрий меҳмони сифатида иштирок этди. Хорижлик меҳмон мамлакатимизда спортни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, иштирокчиларга зафарлар тилади.
Шундан сўнг Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг фахрий қоровули томонидан қурол билан саф элементлари намойиши, Миллий гвардияга қарашли бўлинманинг қўл жанги кўргазмаси билан чиқишлар бошланди.
Спортчилар ва ёшларнинг кўргазмали намойишлари, ижодий жамоаларнинг оҳанрабо миллий рақслар садоси остига чиқишлари, қорақалпоғистонлик ижодкорлар ҳамда ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчиларга ҳуш кайфият улашди.
Эслатиб ўтамиз, замонавий Регби ўйини 1823 йилда Англияда пайдо бўлди. 1888 йилда Регби бўйича халқаро мусобақа ўтказилди. 1900, 1908, 1920, 1924 йилда Регби Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди.
Ўзбекистонга регбининг кириб келишининг расмий тарихи 1969 йилдан бошланади. Бу вақтгача бу спорт тури ташаббускорлари ўзаро йиғилишиб, турли ялангликларда ўз машғулотларини ўтказиб келдилар.
Регбининг иккинчи туғилиш йили сифатида 2001 йилни ҳисоблаш мумкин. Регби фахрийлари ва қолган мураббийлардан иборат ташаббус гуруҳи яратилди, у Ўзбекистонда регбини қайта тиклашга қарор қилди.
Бу йилги чемпионат баҳслари бундан бир неча ой олдин бошланган. 1-тур мусобақалари Тошкент шаҳрида, 2-тур мусобақалари Тошкент вилоятида ҳамда якуний 3- тур баҳслари хозирги вақтда Нукус шаҳрида ўтказилмоқда. Жамоалар ўртасида ғолиб ва совриндорларни аниқлаш учун ҳар бир турдаги иштирокида йиғилган очколар умумлаштирилиб, ҳисобланади.
Нукус шаҳрида ўтказилаётган мусобақаларда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган, Фарғона, Андижон, Навоий вилоятларидан аёллар ва эркаклар жамоалари иштирок этмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан бу сафар Тошкент ва Шарқий ҳарбий округлардан иккита жамоалари қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлигига қарашли Шарқий ҳарбий округнинг “Жасорат” жамоаси мана беш йилдирки Регби-7 бўйича Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб бўлиб келмоқда. Жамоа бу сафар ҳам ғалаба нашидасини қучишни мақсад қилмоқда.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими 10 октябрь куни бўлиб ўтади.
Майор Тимур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.

You may also like

Comments are closed.