Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ташкил этиди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгешида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ва аъзолари, республиканинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида Агентлик директори А. Бурханов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, бу борада қатор амалий чоралар кўрилаётгани ва ўзининг ижобий самарасини бераётганини қайд этди.

Бироқ жойларда бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари ҳамон сақланиб қолаётганлиги, бу борада маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, ушбу иллатга қарши барча куч ва воситаларни сафарбар қилиш лозимлигини таъкидлади.  
Шундан сўнг, янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари таништирилиб, уларга юклатилаётган вазифалар, ҳуқуқ ҳамда ваколатлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Ҳудудий кенгаш:
ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фанларининг ўтилишини ташкил этиш ва уни назорат қилиб бориш;
ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда «Коррупцияга қарши экспертиза» ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва уни назорат қилиб бориш;
коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш  юзасидан таклифлар бериш;
ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ва бошқа ваколатларга эга.
Шунингдек, йиғилиш давомида Ҳудудий кенгашга коррупция хавфи юқори бўлган соҳалардаги қонунчилик ҳужжатлари ва амалдаги тартибларни хатловдан ўтказиш, давлат идоралари ва ташкилотларига ишга қабул қилишда адолат, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилинишини қатъий назоратга олиш, фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, улар томонидан кўтарилаётган муаммоларни таҳлил қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўриш каби вазифаларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

You may also like

Comments are closed.