Янгиликлар

Маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилади

Барча маҳаллаларда тажриба тариқасида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда. Бу ҳақида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабар берди.
Унда айтилишича, мазкур лавозимга олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга, маҳалладаги мавжуд имконият ва муаммолардан яхши хабардор бўлган фуқаролар тайинланади. Улардан тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлиш талаб этилади.
 
 “Ҳоким ёрдамчиси” бевосита маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўришда бош-қош бўлади. Бундан ташқари, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишлаш истагидаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашиш каби тадбирларни ташкил этиш ҳам унинг зиммасига юклатилади.
Шунингдек, “Ҳоким ёрдамчиси” тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар, жумладан, аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратилишига доир дастурлар ижросини назорат қилиб боради. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, ҳудудий ва инвестиция тизимига таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўриш ҳам мазкур янги лавозим ваколатига киритилди.

You may also like

Comments are closed.