Янгиликлар

Нукусда уйининг томини термит еб битираётган аёлга омбудсман аралашуви билан вақтинчалик уй ажратилди

Нукусда 5 йилдан буён авария ҳолатидаги уйда яшаётган аёлга омбудсман аралашуви билан вақтинчалик уй ажратилди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, нукуслик аёл Б.З. 5 йилдан буён авария ҳолатидаги уйда яшаши ва кунларнинг совиб кетиши оқибатида ўзи ва 10 ёшли қизининг соғлиғига жиддий зарар етаётгани бўйича амалий ёрдам сўраб омбудсманга мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат ўрганиш учун омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили Зухра Реймовага юборилган. Минтақавий вакил мурожаатчининг уй манзилига маъсул сектор раҳбари, маҳалла бўлим бошлиғи ва фуқаролар йиғини раиси билан борганида ҳақиқатдан ҳам фуқаро жуда оғир шароитда яшаётганига гувоҳ бўлган.
Уйнинг том қисмидаги тахталарни ваҳмак (термит) ҳашароти еб битираётгани сабабли, турар жой авария ҳолатига келиб қолгани, ёғингарчилик пайтида уй томидан чакки ўтиши, иситиш тизими ишламагани сабабли уй доим совуқ ва зах ҳолатда эканлиги аниқланган.
Ўрганиш ишлари давомида аёл ишсизлиги сабабли арзон турар жой учун ипотека кредитини расмийлаштира олмаётгани ва тўловларни вақтида тўлаши учун ҳам доимий ишга эга бўлиши кераклигини айтган.

Омбудсман вакили Зухра Реймованинг аралашуви билан мурожаатчига шаҳар ҳокимлиги балансида турган Нукус шаҳар «Елиабад» МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон вақтинча ажратиб берилган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг мутахассислиги бўйича доимий иш билан таъминланиш чоралари кўрилмоқда.

You may also like

Comments are closed.