Мақолалар

Сўз ҳақида сўз: “Сўзингда “витамин” бўлсин!”

“Нонни увол қилсанг қил, Сўзни увол қилма”. Ҳаёт “дарс”ларидан якуний хулосам- шу. Ҳар куни биз одатий турмуш тарзимизда кимларгадир маслаҳат берамиз, кимлардандир маслаҳат оламиз яна кимлар ҳақидадир ўзимизни доно билан тарифлар ёғдирамиз. Ҳақиқат эса -ўз билганимиздан ва ўз билганларидан қолишмайди. Айтаётган сўзимиз мазмун-моҳияти борми? Ундан одамлар нима олади? Қизиқ эмас. Гўёки кўп гапириш, ёки кўп сўздан фойдаланиб ҳажмни ошириб мақола ёзиш “зўрлик” белгиси. Афсуски, йўқ!!! Кўча гаплари-ю диди-дидилар ва эски қораланган қораламаларни у ёқ, бу ёғини тузатиб “ижод “дейишда мантиқ қани?! Асл ижод қаторлашган мақтов ёрлиқлар, чиқарилган китоблар ёки чиқишларда эмас. Одамлар юрагига етиб бориб, эсида қоладиган сўзни қўллашда. Майли, сен минг сўз айтма, бир сўз айт, аммо одамларнинг қалбига муҳрлансин. Газеталарни ўқиб айрим журналистларнинг “тақдирланди, саволларига жавоб олди, совғалар улашилди” ва ҳоказо тилакларига кўзим тушади-ю, наҳотки “қолиплар” янгиланмади дейман. Оддий ҳаётдан мисол қилсак: кечаги таом рецепти бугунгидан фарқли-ку! Хоҳ журналист, хоҳ ёзувчи ёки бошқа касб эгаси бўлса ҳам гапирадиган гапи, ёзадиган жумласи унинг яратадиган, одамларга берадиган янги “озуқаси-ку” ичида битта “витамин” бўлмаса, қуруқ, “тозаланмаган”, турли сафсата ва “чиқинди” лардан иборат бўлса, у нафақат вақтни олади, балки бошни оғритиб кўнгилни хиралаштиради. Сўз шундай қудратга эгаки “Ярал” дан дунё яралган. Сўзлар: “совуқ, иссиқ, фойдали,зарарли, ўринли, ўринсиз” бўлиши тил эгасига боғлиқ.У тафаккури орқали ёмон хабарни ҳам табиий шаклда ёки яхши янгиликни “юрак ёрилгудай” қилиб етказиши мумкин. Бу борада тиббиёт соҳасида таълим олувчиларга ҳавасим келади. Уларга бемор қандай ҳолатда бўлса ҳам очиқ юз билан яхши гаплар айтиш ҳар қандай назариядан олдин кунда таъкидланади.Чунки бир сўз қудрати инсонни яшатади, бир сўз қудрати -очиқ гўрга тиқади. Аслида, ҳамма ўқув даргоҳи ва оилада турли фалокатлардан омон қолиш, эҳтиёткорлик чоралари ҳақида айтилар экан аввало, сўздан тўғри фойдаланиш борасида шуғулланишса сўз уволи камаяди.

Хажиева Мадина,
kar24.uz учун махсус тайёрланди.

You may also like

Comments are closed.