Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Раҳбарлик лавозимларига ўз номзодларини қўймоқчи бўлган ёшлар учун очиқ танлов эълон қилинди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларнинг таклифларини ўрганиш мақсадида махсус сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 24,6 фоизи “социал лифт”, яъни ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва масъулиятли лавозимларга тайинлаш, 13,4 фоизи  ахборот технологиялар соҳасини ривожлантириш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг ҳамжамиятини яратиш билан боғлиқ бўлган фикр-мулоҳазаларини билдирди. Иштирокчиларнинг 9,7 фоизи  ёшлар билан ишлашда республикамизнинг барча ҳудудлари, туман (шаҳар), айниқса чекка ҳудудлардаги ёшлар таклифларини инобатга олган ҳолда лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни татбиқ этиш лозимлигини таъкидлади. 9 фоиз қатнашчи эса  – ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бизнесни йўлга қўйишни ўргатиш  ғоясини илгари сурган бўлса, 7,5 фоизи  ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этишни самараси ҳақида тўхталди. Сўровнома қатнашчиларининг 6 фоизи волонтёрлик фаолиятини йўлга қўйиш, 4,5 фоизи  имконияти чекланган ёшлар билан ишлашда янгича ёндашув, 3,7 фоизи ёшлар туризмини ривожлантириш ҳамда 21,6 фоизи  – бошқа соҳаларга оид таклифларни беришди.

Ўзбекистон ёшлар иттифқи аксарият билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва ҳудудий Кенгашлари раҳбар лавозимларига ўз номзодларини қўймоқчи бўлган ёшлар учун очиқ танлов эълон қилади.

Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

— ёшлар билан ишлашга оид билим ва кўникма;

— ташаббускорлик ва ишбилармонлик;

— мулоқотга киришувчанлик;

— жамоа билан ишлаш кўникмаси;

— танқидий-таҳлилий фикрлаш ва муаммолар ечимига креатив ёндашув;

— мустаҳкам ирода ва мотивация;

Номзодларни саралашда давлат тили ва чет тилларини билиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олиши эътиборга олинади. Сизда ёшлар билан ишлаш имконияти бор! Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотни (CV/Rezyume) hr@yi.uz электрон почта манзилига юборинг.