Сб. Янв 18th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистонда сотувчи кредитга маиший техникаларни «планка» қўйиб сотишга уринди

Инсон борки, қулай шароитда яшашни хоҳлайди. Айниқса, ҳозирги замонда. Бироқ ўзимиз учун керакли бўлган нарса-буюмларни, дейлик рўзғорда оғиримизни енгил қиладиган маиший техника воситаларини харид қилишни ҳамиша ҳам чўнтагимиз кўтаравермайди. Мана шундай пайтларда беихтиёр банклар томонидан берилаётган истеъмол кредитлари ҳақида ўйлаб қоламиз.
Элликқалъа туманида яшовчи Фотима опа ҳам кўпдан бери ўйлаб юрган маиший техникаларини сотиб олиш мақсадида банкдан 10 млн. сўм истеъмол кредити олди. Кейин харид учун туман марказидаги дўконларни айланди. Аммо у харид қилишни мўлжаллаган маиший техникаларни кредитга оладиган бўлса, анча-мунча зарар кўришини тушуниб, ҳафсаласи пир бўлади. Сабаби, маҳсулотларнинг кредит нархи нақд пулга нисбатан икки борабар қиммат белгилаб қўйилган эди. Бундан ҳақли равишда норози бўлган Фотима опа ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Мазкур мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди, нақд пул ва кредит асосида сотилаётган маиший техника жиҳозлари нархидаги фарқ ноқонуний экани асослаб берилди. Маиший техникаларнинг бир хил нархларда сотилиши таъминланиб, мурожаат қилган истеъмолчи кўриши мумкин бўлган 1 млн. 600 минг сўмлик зарарнинг олди олинди.