Пн. Июл 6th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Бу улуғ ватан ота меросдир!

«Ватан учун кўксим тоғ, қалқондир шаъним, Уни деса шамолдай учқир саманим», деб бошланадиган, бобомиз Жалолиддин Мангубердининг тилидан айтиладиган машҳур хонанданинг қўшиғи кўнгилда ажиб бир титроқ ила ҳаяжон ва ғурурни пайдо қилади. Бундай кўнгилдан ўтадиган ҳисни ватанга муҳаббат ва ватаннинг ажиб бир туйғуси деб номлаган бўлардим. Ватан учун жондан кечиб, Синд дарёсига сакраган, юртнинг ҳар қарич ерини оридан, суйган фарзандларидан ва ёридан улуғ тутган, минг жондан бу тупроқнинг ҳар гардини абзал билган мартёд-баҳодир бобомнинг кўнглидаги ватанпарварлик туйғулари асрлар оша етиб келиб, қалбимдан жой олгандек бўлади.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, бундай мавзудаги қўшиқларнинг ўрни бўлакча. Буюк бобокалонларимизнинг ватан олдидаги мардликларини ҳар қанча мадҳ этсак оз.

Ҳар йили 14 январь Ватан ҳимоячилари кунини кенг миқёсда байрам қилиш юртимиз учун муҳим тадбирлардан бири бўлиб келмоқда. Бу байрам юртдошларимизда, айниқса ёшларимиз онгида ватанпарварлик туйғуларинини мустаҳкамлашда аҳамиятлидир.

Бу байрам нафақат ватанга кўкси қалқон бўлган ҳавбийларимизнинг, балки ватан учун меҳнатини аямаётган фуқароларимизнинг, дунёда ватан байроғини юқориларга кўтариб, мадҳиямизни баралла янгратаётган умидли ёшларимизнинг ҳам байрамидир. Ўзимизнинг фаолиятимиздан биргина мисол тариқасида шуни келтиришим мумкинки, ҳозирда глобал муомаммога айланаётган «Орол муоммоси» оқибатларини бартараф этиш учун қуриган денгиз тубида «яшил қопламани» шакиллантиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги харбийлари билан биргаликда фуқароларимиз ҳам меҳнат қилиб ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Давлатимиз ва келажагимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон чин маънода ватанпарвардир.

Ҳозир глобаллашув ва интернет асри. Ёшларимиз эса бу борада ҳам фаол, деярли барчаси интернетдан фойдаланади ва оламдаги янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлмоқда. Лекин баъзи қора кучлар турли ҳил ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, ёшларимизнинг онгини заҳарлаб, ватанфурушликка ҳам даъват қилаётганлар бор. Ёшлармизни бундай ёт ғоялардан ҳимоя қилиш мақсадида уларда ўзига ҳос ғоявий имунитетни шакллантиришимиз керак. Бундай ўзига ҳос имунитет бу – маънавиятимиз, маданиятимиз ва ўзлигимиздир.

Ватанпарварлик — бу, нафақат қўлга қурол олиб чегарани ҳимоя қилиш балки, шу юртнинг ривожи учун меҳнат қилиш, ёшларимизнинг қунт билан уқиб, ўрганиб, ҳунар ўрганиши ҳам ватанпарварликдир.

Айбек Абдирахманов,
Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ
ОАВ ва ЖТБҲҚ гуруҳи бошлиғи
катта лейтенант