Вс. Окт 20th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раисига Тарихов Камал Максетбаевичнинг номзоди фаоллар муҳокамасига қўйилди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ҳокимлигида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси лавозимига номзод Тарихов Камал Максетбаевични Қорақалпоғистон Республикасидаги фаоллари ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Р.Исмаилов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси С.Турманов, Нукус шаҳар ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик бошқармалари раҳбарлари, халқ депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси судлари раислари ва судьялари, суд тизими фахрийлари ҳамда суд ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими раиси, “Нуроний” жамғармаси бўлими раҳбари ва фахрийлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Р.Исмаилов сўзга чиқиб, ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 13 июнь куни судлар корпуси вакиллари иштирокида ўтказилган видеоселекторда судьялик лавозимига номзодларни тайинлашда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиш тўғрисида топшириқ берилганлигини билдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда, муҳтарам Президентимиз судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилаётганлиги айтиб ўтилганлигини, ушбу янги тизим асосида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси лавозимига номзоднинг йўл харитаси юзасидан ўзининг келгусидаги фаолияти ҳаракат дастурини жамоатчиликка тақдим этиш масаласи қўйилганлигини маълум қилди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Тарихов Камал Максетбаевич номзодининг дастурида белгиланган вазифалари республикада адолатни таъминлаш учун хизмат қилишини, тавсия этилаётган лавозимга киришгандан сўнг халқнинг ишончини оқлаши лозимлигини баён этиб, К.Тариховнинг номзодини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси лавозимига номзод Тарихов Камал Максетбаевичнинг йўл харитаси бўйича тақдимотлари Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари ва кенг жамоатчилиги томонидан маъқулланди.