Пн. Июл 6th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

«Эр топиб беринг», «Захирадаги киллер бўламан», «Оллоҳнинг элчисиман». Президент порталига юборилган ғалати мурожаатлар

Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган бош вазир Шавкат Мирзиёев халқнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш учун Бош вазир порталини ишга туширганди. Шавкат Мирзиёев Президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Бош вазир портали Президент порталига айлантирилди.

Портал ишга тушган пайтда кўплаб муаммолар, ойлаб, керак бўлса йиллаб чўзилган масалалар бир неча кун ичида ҳал бўлишни бошлади. Одамлар порталга ёзиш билан таҳдид қилиб, ишини битира бошлади. Баъзилар портални барча тилакларни амалга оширувчи «олтин балиқча» деб ўйлаган шекилли, унга турли ғалати мурожаатлар келиб туша бошлади.

Жорий ҳафта бухоролик бир йигитнинг UFC’да енгил вазндаги чемпион Ҳабиб Нурмагомедов билан жанг ташкил қилиб беришларини сўраб, Президент порталига йўллаган мурожаати сурати ижтимоий тармоқларда тарқалди.

«Мен Ҳабиб Нурмагомедов билан жанг қилмоқчиман. Бу масалада ҳеч қаерга мурожаат қилмадим. Илтимос, менга шу имкониятни яратиб беришларини сўрайман. Ҳабиб камарини ҳалоллаб олсин. Мени ҳам, Ҳабибни ҳам тиббий кўрикдан ўтказишларини сўрайман», — дейилади ўша мурожаатда.

«Дарё» уч йилдан ортиқ вақт давомида порталга юборилган энг ажабтовур мурожаатларни бир жойга жамлади

«Мен ҳам бой бўлай»

Тошкентлик фуқаро бировнинг бизнесини олиб қўйишда ёрдам беришни сўраб, порталга мурожаат йўллаганди. У бой бўлгиси келаётганини айтиб, Тошкент шаҳридаги мой алмаштириш шохобчасини юргизгиси келаётганини ёзган.

«Йўқ демасангиз, мен мой алмаштириш шохобчаларини юргазмоқчиман. Шунга Арча-кўчада Cастрол деган шохобчани менга олиб берсангиз. Эгаси неча йилдан бери фойдаланади ахир. Мен ҳам бой бўлайин дегандим».

«Исмимни Ҳақиқат Ҳақиқатовга ўзгартириб беринг»

Хоразмлик фуқаро порталга мурожаат йўллаб, Шавкат Мирзиёевдан уни ўз ёнига ишга олишини илтимос қилган. У 100 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимининг ишини бажаришини айтиб, исмини Ҳақиқат Ҳақиқатовга ўзгартириб беришларини сўраган.

«Мени Шавкат Мирзиёев жаноблари ёнига ишга олишларини илтимос қиламан. Чунки Ҳазорасп туманида ҳақиқат ўлган, адолат йўқ. Ҳозир амалдаги ҳуқуқ-тартибот органларининг 100 тасини ишини бажараман. Мен чарчамайман, фақат мени хавфсизлигимни таъминласалар бўлди. Мени исми-шарифимни Ҳақиқат Ҳақиқатович Ҳақиқатов деб ўзгартириб беришсин. Ушбу масала бўйича амалий ёрдам беришингизни сўрайман».

«Менга, менга, эр керак менга»

Қашқадарёлик қиз гўзал, қадди-қомати келишгани, аммо ўзига мос турмуш ўртоқ тополмаётганини айтиб, Шавкат Мирзиёевнинг шогирдларидан бирига эрга тегмоқчи эканлигини ёзган.

«Ёшим 28 да. Чеварман, ҳар хил урфдаги замон талабларига мос миллий ва замонавий либослар тикиб яратаман, яхшигина пазанда ҳамман. Ўзимга яраша иффатим, гўзаллигим ҳам бор, қадди-қоматим ҳам келишган. Табиатан меҳрибон жиддий қизман. Ҳаётга реал қарайман. Лекин бир муаммо — бахтим борасида ўзимга мос, кўнглимдагидек бўлажак турмуш ўртоқ учратмаяпман. Сизга илтимосим шуки, келишган, чиройли, ўқимишли, бўлажак оиласига меҳрибон, соғлом, ҳаётга тайёр, молиявий томонлама ҳам ҳамма нарсаси бор муносиб шогирдларингиз бўлса, илтимос, турмуш қуришимизга, мустаҳкам оила қуришимизга ўзингиз бош бўлинг».

Оллоҳнинг элчиси

Яна бир фуқаро ўзини Оллоҳнинг элчиси эканлигини даъво қилиб, буни исботлаб ҳам бера олишини ёзган.
«Мен Оллоҳнинг элчисиман. Менга аёлимнинг қариндошлари туҳмат қилишди. Бу ҳақда вилоят прокуратурасида бир неча маротаба мурожаат қилдим. Улар менга ҳеч қандай жиноят йўқ деб айтишди. Мени қўрқитиб отиб ҳам кўришди. Россияда судга ҳам беришди. 7 йилдан бери шунақа. Мен Оллоҳнинг элчиси эканлигимни исботлаб бера оламан. Мен 3–4 марта вилоятдаги халқ қабулхонасига бордим. Улар қоғоз бериб, шу қоғозга ёзиб беринг, кейин жўнатамиз деб айтишди. Кейин халқ қабулхонасидагилар йўқ биз жўната олмаймиз деб айтишди. Авваламбор *дагилар ишонишади. Лекин ўзини йўлига юргизишмоқчи. Прокуратурага ҳам исботлаб беришимни айтдим.Тошкентга борсам менга иш беришмади. 700 меросни ёддан халққа ошкор қилайин. Шунга ёрдам берсангиз. Менга қабристонга олиб бориб савол беришди. Илсимос, шу масалани кўриб чиқсангиз».

«Уй бердингиз. Машина ҳам хоҳлайман»

Сурхондарёдан мурожаат йўллаган фуқаролардан бири 2-гуруҳ ногирони экани, унга Президент номидан уй берилганидан миннатдорлиги, энди давлат томонидан машина ажратилишини хоҳлаётганини ёзган.

«Мен машина ҳайдашга қизиқаман. Аммо машина олиш учун менда шароит йўқ. Менга давлат ҳисобидан машина берилишини истайман. Бу масалада Дэнов тумани ҳокимлигига мурожаат қилдим, аммо машина ажратилмаслигини айтишди. Менинг Сиздан илтимосим, ушбу масала юзасидан амалий ёрдам беришингизни сўрайман».

«Пул тўламаганим учун паспортимни олиб қўйишди»

Яшаш манзили бўлмагани андижонлик фуқаро 5 кун меҳмонхонада пул тўламай яшагани учун паспортини олиб қўйишганидан шикоят қилган. «Мен яшаш манзилим йўқ бўлгани сабабли Андижон шаҳар Элита меҳмонхонасида 5 кун муддат яшаган эдим. Яшаганим учун пул тўлай олмаганим сабабли фуқаролик паспортимни олиб қолишган эди. Пулни тўлашга имконим йўқ. Шу масала бўйича Андижон шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилдим, натижа бўлмади».

2 миллион сўм учун захирадаги киллер

Ички ишлар органлари ходими бўлиш истагидаги наманганлик фуқаро ИИВ раҳбари Пўлат Бобожоновдан 2 ой 1 миллион сўмдан пул бериб туришини сўраган. Фуқаро пулларни албатта қайтаришини айтиб, захирадаги киллер бўлиши мумкинлигини ёзган.

«ИИБга ишга кириш учун ёрдам сўраган эдим. Уйимга …. вилояти ИИБ ходимлари келиб мен ИИБга ишга кира олмаслигимни, сабаби маълумотим йўқ эканлигини яхши гапириб тушунтиришди. Ҳурматли Бобожонов Пўлат Раззоқович менга 2 ой 1 миллион сўмдан ёрдам беришларини илтимос қиламан. Мен бу пулни албатта қайтараман. Агар хоҳласангиз, захирадаги киллер бўлишим мумкин. Сиздан илтимос, ушбу мурожаатимни ижобий ҳал қилиб берсангиз».

«Курсдошим телефонини кўтармади»

Молия институтини битирган фарғоналик йигит винеткаси курсдошида қолиб кетгани, аммо курсдоши билан боғлана олмаётгани учун Президентга мурожаат қилган.

«2010 йилда Тошкент давлат молия институтини «Кредит иқтисоди» факультетини битирганман. Битирган вақтимда винеткам қолиб кетган. Ғазалкент миллий банкида курсдошим, Қодиров Фаррух ишлайди. Қўнғироқ қилсам, кўтармади. Винеткамни қайтариб олишим учун ёрдам беришингизни сўрайман». «Қийналиб етиштирган нашаларимни прокуратура ва ИИБ ходимлари узиб олиб кетишди»

Бекобод шаҳридан мурожаат йўллаган фуқаро илгари героин истеъмол қилгани учун икки марта қамалиб чиққани, ҳозирда героинни ташлаб, наша истеъмол қилишга ўтганини ёзган. Ҳеч қаердан наша тополмагани учун ўз уйида наша етиштиришни бошлаганида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари нашаларни узиб олиб кетганидан шикоят қилган ва бунга тушунтириш сўраган.

«Мен аввал героин истеъмол қилганлигим сабабли 2 марта қамалиб чиққанман. Мен ҳозирда героин истеъмол қилишни ташлаб, наша истеъмол қилишга ўтганман. Лекин ҳеч қаерда наша топа олмаганим учун уйимда ўзим учун наша ўстираётган эдим. Уйимдан прокуратура ва ИИБ ходимлари келиб қийналиб етиштирган нашаларимнинг ҳаммасини узиб олиб кетишди. Мени шунчалик уйларимни текширишга нима ҳақлари бор? Мен олди-сотди қилаётганим йўқ-ку. Илтимос, уйимда ўзим фойдаланишим учун ўстираётган наша ўсимлигини нима сабабдан узиб олиб кетаётганларини тушунтириб беришларини ва мени тинчлигимни таъминлаб беришларини сўрайман».

Манба: daryo.uz