Мақолалар

Коронавирус: “Юртимизда ушбу касалликка ташхис қўйиш имконияти мавжуд, шунингдек, даволай оладиган малакали мутахассислар ҳам етарли”…

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Унда иштирок этган ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Хитойда янги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро даражадаги фавқулодда вазият деб эълон қилинганини, аммо бу жиддий хавотирга тушиш ёки бўлмаса, бутун дунёни ушбу хасталик қамраб олди, дегани эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Маълумотларга кўра, коронавирусдан касалланган одамларнинг 80 фоизида хасталик енгил ўтади, қолган 20 фоизида оғир кечиши мумкин. Ўлим ҳолати юз бериши эҳтимоли бўлган 2-3 фоизи эса иккиламчи оғир, сурункали касалликларга чалинган, иммун тизими пасайиб кетган беморларга тўғри келмоқда, – дейди Лианн Куппенс. – Ушбу касалликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар учта йўналишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Биринчи ўринда касаллик манбаини жиловлаш, иккинчиси, юқишнинг олдини олиш, учинчиси эса, юқтириб олиш эҳтимоли бўлган аҳолини ҳимоя қилишдир. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этган ҳолда тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Видеоселекторда таъкидланганидек, коронавирусни аниқлашда асосий эътибор тана ҳароратининг кўтарилишига қаратилса-да, унинг яширин даври мавжуд. Бу пайтда касаллик белгилари тўлиқ намоён бўлиб улгурмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда вазиятни назорат қилиш, хориждан келган фуқароларни текшириш ва кузатувга олиш борасида барча тайёргарлик чоралари кўрилган.

Шунга қарамай, ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли орасида турли ваҳимали, хусусан, Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундай ҳолатда одамлар соҳадан узоқ бўлган шахслар томонидан тарқатилаётган асосланмаган  маълумотларга эмас, балки мутахассислар холис фикри ва хулосаларига эътибор қаратишлари керак.

Энг муҳими, айни кунга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар қайд этилмади. Юртимизда ушбу касалликка ташхис қўйиш имконияти мавжуд, шунингдек, даволай оладиган малакали мутахассислар ҳам етарли.   

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

You may also like

Comments are closed.