Мақолалар

Болага ким жавоб беради? Айтаман…

Бу савол шу вақтгача мени ҳеч ўйландирмаган. Эҳтимол, бундай ҳолатларга дуч келмаган бўлсам керак.

Кечқурун соат 23:35лар чамаси. Отамнинг аҳволи ёмонлашгани туфайли касалхонага келдик. Шифокорлар отамни даволашга олиб кетишди. Мен эса уларни кутиб ўтирдим. Хавотирдаман. Юрагим шу қадар тез урардики, ҳеч бундай бўлмаганди. “Тузалади. Албатта тузалади”. Худодан сўраган ягона илтижоим “Отам тузалсин”.
Бир маҳал эр-хотин боласини шифокор қабулига олиб келишди. Болани тиббий кўрикдан ўтказиб, онаси билан гаплашаётган эди: “Илтимос, опа менга гапиринг, -дея боланинг отаси мурожаат қилди.” Шифокор ҳайрон. Ахир боланинг онаси бу киши эмасми. “Туғри онаси. Лекин боламга кўпинча мен жавобгарман”, деб жавоб берди отаси. Ҳайрон қолдим. Бундай гапни биринчи бора эшитаётганлигим туфайлими, ноодатий туюлди. Ахир, болага ота-она тенгдай жавобгар эмасми?. Фарзанднинг таълим- тарбиясида она муҳим рол ўйнаса, кийиниши, тўйиб овқат ейишида отанинг ўрни аҳамиятли.
Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам айтиб ўтилганки: “Ота-оналар ўз фарзандларининг вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”. Бу моддада ота жавобгар, она жавобгар, дея ёзилмаган. Айниқса, “ота-оналар мажбур”, дейилган. Тарбия масаласида фикр юритадиган бўлсак, фарзанднинг тушкунликка тушишига сабаб бўладиган омиллар жуда кўп. Шулардан бири: агар бола ножўя ҳаракат қилса ота-она бир-бирларига “сенинг боланг, сенинг боланг” дейишга тушади. Менинг фикримча бу мутлақо хато. Сабаби, бола ўйлайдики: “Мен ҳеч кимга керак эмасман”. Ўз имкониятларини чеклашдан ташқари, ота-онасини ўзига дўст деб била олмайди. Булар менинг фикрим…
Отам кўрикдан чиқиб келмоқдалар. Менинг эса қувончим чексиз… Хорғин аҳволда келган отам, кулиб, қувониб келмоқда эди. Ўйга толаман. Энди мен отамни асрашим лозим. Ахир вояга етганманку ! Болага ота жавобгарми, она жавобгарми билмадим-у, лекин, ота-онанинг соғлигига биз фарзандлар аниқ жавобгармиз.
Ғурурим йул қўймаганми билмадим “Ота сизни яхши кўраман”, деб ҳеч айтмаган эканман. Ота сизни яхши кўраман. Айтаман.

Мухтар Умбетов, Kar24.uz учун махсус

You may also like

Comments are closed.