Ср. Апр 8th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

“Do it” ёҳуд мухбирликдан етакчиликкача…

Бир синчалак қизни тутиш тугул ушлаб унга йўл-йўриқ кўрсатишни ўзи бўлмайди… Атрофимдаги тенгқўрларимни ёнида “соя”си “тоғ”и борлигини кўриб бир хўрсиниб қўяман…
Аслида, инсон ота-онасига эмас устозига кўпроқ елка берар экан. Буни ўзимда бир неча бора кўрганман. Хатто йиқилганимда “елка” бўлмагани учун устозимни “айблаганман”… улар доим “сендан кўнглим тўқ, борган жойингда зуваланиб кетасан” дердилар. “Ёш бошинг билан юрагингни “отни калласидай” қилиб аралашмаган жойинг йўқ. Синчалакдан нима фарқинг бор. Сенга елка эмас, йўл-йўриқ керак” деганларида худди фильм қаҳрамонидек ҳис қиламан ўзимни.
Мактабда фаолият бошлаганимга кўп бўлмади. Ўқувчиларни қандайдир маънода сараладим. Менга ўхшаганларига устозимдек йўл кўрсатдим. (Кулгули шундай эмасми?)
Тенгдошларига нисбатан кўнгилчан, сал нарсага кўз-ёш қиладиган, тортинчоқ қизларнинг айримларини мактаб сардорлар Кенгашига қўшдим. Натижа ёмон эмас. Улар сингари жамоага сингиб кетмайдиганлар ҳам аста-аста ёшлар етакчисининг эшигини қоқиб келаяпти…
Яқинда “Do it” танловини ўтказдик. Ишонаверинг тортинчоқ қизларнинг ичидаги “мени”ни шу қадар чуқурдан суғуриб олдик-ки, улар қайтадан туғилишди назаримда. Вазифамнинг гаштини мана энди сездим. Бугун ҳафтанинг 4 куни тадбирлар билан банд қилинган… қизиқарлиси тадбирларни мактаб сардорлари ташкил қилишади, мен эса назорат қиламан…
Ёшлар етакчисининг ўзи етакчи бўлиши керак экан. Креативлик бўлмаган ёшлар етакчиси ишонинг бирорта ёшни “замонавий” саволларига жўяли жавоб топа олмайди. Ёшлар ё синаб ё сийлаб савол беради… жавобларнинг бари эса жиддий ва мантиққа эга бўлмаса “шўринг куйди ” деяверинг…
Ҳар ҳафта уларга семинар тренинг ўтаман. Илк келганимда улар синфдошлари билан уришиб қолишса ҳам мактабдан қолиб юришган, албатта аксарияти. Ўқувчиларимга йиқилганда ҳам, дунё сендан юз ўгирса ҳам, “дунёни мажбурлаб” ўзига қаратиш нима эканлигини” ўргатаман. Ахир иродали, креатив фикрлайдиган ёшларга эртага қўрқмай келажакни топширсак бўлаверади…
4 ой… 120 кун… адаптация жараёни… жамоа билан тил топишиш… илк кунларимдан бирорта инсон эшик қоқиб “сенга нима керак? вазифангни тушинтирайми” демаганидан хафа бўлгандим, аксинча… бугун мени суямаганлари учун улардан миннатдорман. Нега дейсизми? Устозим Ўғилжон опанинг гапларида жон бор экан… ташлаган жойида томир отадиган ёввойи гулман… тупроқ бўлса бас, гуллаб кетавераман… мақолани шоша-пиша ёзаяпман. Ҳозир ўқувчиларим дарсда. Танаффус бўлди дегун-ча олдимга шошишади.
Ортимда қолган таҳририятимни соғинаман. Нолиниб-нолиниб ўтирадиган салқин хонамни, қаттиқлигидан кўрпачалар тикиб қўйган стулларимни соғиндим… бир синчалакни осмонга сапчиса пастга олиб қўядиган муҳарриримни соғиндим…
Лекин… лекин воз кечиб кетаолмайдиган болаларим бор. “Қулоқ”ли ўқувчиларим бор. Ана биттаси келди…

Г.Ғайратова,
Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги
5-мактабнинг ёшлар етакчиси, журналист