Ср. Окт 16th, 2019

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистон бўйлаб “Маънавият фестивали” ўтказилди

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат бўлими ҳамкорлигида жорий йилнинг 18-19 сентябрь кунлари  қорақалпоқ ва ўзбек халқи маънавий-маданий меросининг ўзига хос хусусиятлари, муштарак жиҳатлари, маърифий аҳамиятини ёритиш ҳамда аҳоли ўртасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган долзарб ислоҳотларнинг, бунёдкорлик ишларининг мазмун моҳиятини тарғиб этиш, ички туризмни ривожлантириш, замонавий технологик воситалардан самарали фойдаланган ҳолда миллий қадриятлар, тарихий обидалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш мақсадида “Маънавият фестивали” ўтказилди. 
     18 сентябрда тантанали равишда Нукус темир йўл вокзалида кутиб олинган фестивал иштирокчилари меҳмонхонага жойлашганидан сўнг Нукус шаҳрида қад кўтарган Бердақ Ғарғабай ўғли ҳайкали пойига гул қўйишди. Шундан сўнг меҳмонлар учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетида “Маънавият ва маърифат ҳамда таълим-тарбия уйғунлиги мавзусида илмий-амалий семинар ташкил қилинди.  Ушбу жараёнда “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий аъзоларига гувоҳнома ва аъзолик кўкрак нишони  топшириш маросими бўлиб ўтди.  

Фестивалнинг дастлабки кун иккинчи қисмида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Нукус горнизони “Маънавият ва маърифат маркази”да “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маърифий учрашув ташкил қилинди. Шунингдек, фестивал иштирокчилари учун И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейига саёҳат уюштирилди. Саёҳат жараёнида қорақалпоқ миллий рақс намойиши ва санъаткорлар иштирокида концерт ташкил этилди. Қувноқ рақс ва куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилаётган “Маънавият фестивали”нинг иккинчи кунида Хўжайли туманидаги
2-сонли Меҳрибонлик уйида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида “Болаларга маърифат улашиб” акцияси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда таниқли тарғиботчилар Ж.Шермуҳамедова ҳамда Мирза Азизов сўзга чиқиб, ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олиши учун олиб борилаётган жадал ислоҳотлар хусусида муҳим фикрлар билдиришди. Дарҳақиқат, мазкур Меҳрибонлик уйида яратилган барча шарт-шароитлар: замонавий жиҳозланган спорт машғулоти хонаси, тиббиёт-саломатлик пункти, сартарошхона, бассейн, спорт майдонлари, компьютер технологиялари ва ошпазлик курслари тарбияланувчиларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайиши йўлида хизмат қилмоқда.
Шунингдек, “Маънавият фестивали” доирасида Мўйноқ туманидаги “Орол” ҳамда “Таллы-өзек” маҳаллаларида ёшлар ва аҳоли ўртасида “Оила муқаддас даргоҳ” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Рустам Мусурмон, Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи, шоира Фароғат Худойқулова сингари таниқли ижодкор-тарғиботчилар, Мирза Азизов, Жамила Шермуҳамедова каби танқли маданият ва фан арбоблари, соҳа мутахассислари, ҳудудий бўлим ва бўлинма раҳбарлари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари фаол иштирок этишди. Иштирокчиларга ўзлари яшаётган заминнинг муқаддаслиги, Ватанга садоқат, эл-юртга ҳурмат масалалари кенг тушунтирилди, жамият равнақи йўлида олиб борилаётган жадал ислоҳотларда фаоллик, фидойилик, масъуллик, дахлдордик энг зарур ва муҳим сифатлардан эканлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилаётган «Маънавият фестивали»нинг иккинчи кунида Мўйноқ тумани маданият марказида таниқли ёзувчи ва шоирлар, маърифат тарғиботчилари, аҳоли ва ёшлар иштирокида “Маданият Мўйноқдан бошланади” шиори остида “5 та муҳим ташаббус – 5 та имконият” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Мазкур тадбир доирасида китоб ярмаркаси ва янги китоблар, расмлар кўргазмаси, жумладан, қорақалпоқ фольклорининг 100 томлиги кўргазмалари, миллий либослар кўргазмаси ҳамда фестивалнинг якуний

концерт дастури ташкил этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар қорақалпоқ ва ўзбек миллатининг азалий муштарак қадриятлари, миллий, маънавий, маданий уйғунлиги ва ўзига хослиги, юртимизда жамият равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг долзарблиги ва фуқароларда масъуллик, дахлдорлик, фидойилик сифатларини ривожлантириш масалаларининг ижтимоий зарурати борасида чуқур фикр билдиришди, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб беришди. Тадбирнинг якуний қисмида таниқли санъаткорлар томонидан жўшқин куй-қўшиқлар ижро этилди.
Қорақалпоқ миллатининг ўзига хос анъана ва қадриятлари, ижтимоий ҳаёт тарзини иштирокчиларга кенг намойиш қила олган мазкур “Маънавият фестивали” барча қатнашувчиларда катта таассурот қолдирди.

“Маърифат“ тарғиботчилар жамияти матбуот хизмати.