Ср. Апр 8th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Ички ишлар вазири Қорақалпоғистонда бўлди, бир қатор cоҳа ходимлари лавозимидан озод этилди, айримларига интизомий чора қўлланилди

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев, Республика ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, Ички ишлар, Прокуратура, Солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишда 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Бу ҳақда iiv.uz маълумот бермоқда.

2019 йил якуний натижаларига кўра,  Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган жиноятлар сони 4,98 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 18,12 фоизга, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, ўғирлик, номисга тегиш, автотранспорт қуролларини олиб қочиш жиноятлари камайган. Республиканинг 401 маҳалласидан 161 маҳалласида жиноятлар содир этилмаган. Айниқса, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар олдин судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган 413 жиноятлардан маҳаллаларда содир этилган ҳар еттинчи жиноят “Халқлар дўстлиги”, “Боз аул”, “Қизил қум”, “Жана базар”, “Саманбай”, “Таза базар”, “Турон” ва “Марказий” маҳаллалари ҳиссасига тўғри келаётганлиги таъкидланиб, маҳалла ҳудудида жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилган “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолиятини йўлга қўйиш, сектор раҳбарлари иштирокида жиноятлар муҳокамасини ўтказиш борасида ҳокимлик, прокуратура, солиқ ва Ички ишлар органлари ҳамда жамоатчилик етарли даражада эътибор қаратиши лозимлиги ва бу борада аниқ режага асосланган “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. 
Йиғилишда ўз хизмат вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйгани ва хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Р.Ешимбетов, Пробация бўлими бошлиғи П.Сейтмуратов ва Йўл-патруль хизмати отряди командирининг ўринбосари А.Машарипов ва Қонликўл тумани ИИБ бошлиғи М.Хожамуратов, Тўрткўл тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Б.Мансуров, Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Б.Исаков, Нукус шаҳар 4-сон ИИБ бошлиғи М.Утемуратов, Қўнғирот тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори Р.Каландаров эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий сафарбарлик бўлими бошлиғи Д.Таджимов, Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Х.Очилов, Қонликўл тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Палуанов, Хўжайли тумани ИИБ
бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари О.Нураддинов, Хўжайли тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Сариевларнинг ҳар бирига интизомий жазолари қўлланилди.