Янгиликлар

Қорақалпоғистонлик 97 ёшли уруш қатнашчисига Президент нима совға берди?

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбай туманининг “Қаражон” овулида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон ва Совет-япон урушлари қатнашчиси 97 ёшли Салий Ганиев 2018 йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан совға қилинган қўл соатини қўлидан ечмайди, турса ҳам ухласа ҳам…
Зенитчи-пулеметчи отахон кўзларидан нур қочиб, танасидан қувват қочган бўлса-да, ҳарбий хизматчиларнинг ташрифидан кўнгли тоғдек кўтарилиб, ҳаммага соғлик, дунёга эса тинчлик тилаб дуо қила бошлади.
Гаплари сарак-сарак бўлиб, сўзлашга қийналган I гуруҳ ногирони Салий бобонинг Иккинчи жаҳон урушида бўлган минглаб юртдошларимиз каби фашизм устидан қозонилган ғалабада ўз ҳиссаси бор, албатта.
1942 йилда фронтга жўнатилган навқирон Салий Ганиев зенитчилар полкида пулемётчи лавозимида хизмат қилиб, жанггоҳларда фашистларнинг учар техникаларини йўқ қилишда қатнашади. Қаҳрамон отахоннинг жасоратлари ҳақида кўп маълумотлар қолмаган бўлса-да, Россиянинг Мурманскдаги портида Германия томонидан амалга оширилган авиа-ҳужумга қарши мардонавор жанг қилиб, зенитчилар полки билан душман кучларини қайтаришгани ҳақида кўпчилик хабардор. Ўшанда унинг полкида битта стволли зенит қурилмаларидан фойдаланилган. Кейинчалик Америкадан икки ва тўрт стволли ускуналар келтирилганида душман авиациясига қарши курашиш анчайин осонлашиб қолган экан.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Салий бобо Совет-япон урушида ҳам зетинчилар полки билан жангга киради. 1948 йилда қаҳрамонимиз захирага бўшатилиб, она юртига қайтади. Нукусда Устюрт экспедициясида 10 йил, ундан кейин кўп йил колхозда пахта етиштириш ишларида жонбозлик кўрсатади.
Уруш қатнашчисини йўқлаб келган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ичида Нукус ҳарбий госпитали мутахассислари ҳам бор эди. Шу куни портатив ультратовуш текширув аппарати орқали нуронийнинг ички аъзолари текширилиб, мутахассислар томонидан отахонган зарур дори-дармон воситалари берилди. Нуроний олдида доим ёрдамга тайёр бўлган туман патронаж хизматидан тайинланган тиббий хизмат ходимига ҳам мутахассислар бобонинг соғлиги учун зарур тавсияларни беришди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига қандай тиббий кўмак керак бўлса Нукус ҳарбий госпитали доим тайёр эканлиги таъкидланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

You may also like

Comments are closed.