Сб. Июн 6th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистонлик мутахассис божхонада автомобиль расмийлаштируви қанчага тушишини аниқлаштирди

Kar24.uz сайтига божхона ходими автомобиль расмийлаштириш учун қанча маблағ зарурлигини маълум қилди:

Бугунги кунга келиб, замонамиз ривожланиши натижасида автотранспорт воситалари ҳашаматдан — шунчаки ҳаракатланиш воситасига айлангани бор гап. Чет давлатларда ишлаб чиқарилган автомобиллар ва уларнинг божхонадаги расмийлаштирувига оид барчани қизиқтирган саволларга автомобиллар импорти ҳақидаги мазкур мақолада маълумот беришга аҳд қилдик.
Чет давлатдан автомобил воситаларини Ўзбекистонга олиб киришда автомобилнинг ҳужжатларда тасдиқланган қиймати, ишлаб чиқарилган давлати, ишлаб чиқарилган йили (янги ёки эскилиги) ва автотранспорт воситалари техник таснифланиши муҳим аҳамиятга эга. Айнан ушбу кўрсаткичлар божхона тўловларини ундиришда асос вазифасини бажаради.
Амалдаги қонун ҳужжатларида автотранспорт воситаларига
 божхона божи
 акциз солиғи
 қўшилган қиймат солиғи
 божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сонли қарорига мувофиқ, чет давлатда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларига нисбатан ундириладиган божхона божлари ва акцизга тортиладиган товарларга нисбатан акциз солиғи ставкалари кўрсатилган. Мазкур қарор асосида автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилган давлат ва йилига, автотранспорт воситалари техник таснифланиши қараб импорт божхона божи ва акциз солиғи ставкалари божхона қийматидан 20% дан 70% ҳамда бунга қўшимча равишда двигатель ишчи ҳажмининг ҳар бир см3 учун 3 АҚШ доллари миқдорида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси билан Эркин савдо тартибини назарда тутувчи битимлар имзоланган эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим иштирокчилари бўлган давлатлар ( Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Туркманистон, Украина, Тожикистон, Озарбайжон)да ишлаб чиқарилиб, мазкур битимга шартларига асосан лозим даражада расмийлаштирилган
СТ-1 шаклдаги келиб чиқиш сертификати асосида олиб кирилган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона божлари ундирилмайди.
Юқоридаги қарорга асосан акциз солиғи ставкалари автотранспорт воситаларига 20%дан 70%+3$см3 тарзида белгиланган бўлиб, Россия Федерацияси, Қозоқстон Республикаси ва Украинадан олиб кирилаётган ва айнан ўша давлатларда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларига 2% ставкасида акциз солиғи ундирилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5837-сонли фармонига асосан қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 15% этиб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 апрелдаги ВМ-204-сонли “Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида”ги қарорига асосан божхона расмийлаштируви учун йиғим товарнинг божхона қийматидан 0,2% лекин
25 доллардан кам бўлмаган ҳамда 3000 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган миқдорларда ундирилиши белгиланган.
Айтайлик, Россия Федерациясида ўтган йилда ишлаб чиқарилган, лозим даражада расмийлаштирилган СТ-1 келиб чиқиш сертификатига эга бўлган, двигатель ишчи ҳажми 1598 см3, божхона қиймати 11000 АҚШ долларига тенг бўлган енгил автомобилни Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишидаги божхона тўловларини (растаможка) ни ҳисоблаб кўрамиз.


Россия, Қозоқстон, Украинада ишлаб чиқарилган ва ўша давлатлардан олиб кириладиган автотранспорт воситаларига нисбатан божхона имтиёзларига эга бўлиш учун олиб кирилаётган автотранспорт воситасига СТ-1 шаклидаги келиб чиқиш сертификати тақдим қилиниши шарт. Бу шаклдаги сертификат эса ишлаб чиқарувчи экспортер давлатда ишлаб чиқарувчи завод томонидан ёки ўша давлатнинг савдо палатаси томонидан агар унинг ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши 50%дан ортиқ бўлган ва йиғиш тўлиқ даврийликда амалга оширилганда берилади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, қиймати 40000 АҚШ долларига тенг ва ундан юқори бўлган янги автотранспорт воситаларини импорт қилишда божхона божлари 0 ставкада ундирилади. (яъни божхона божлари ундирилмайди, фақат акциз, ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади)
Барча божхона тўловлари АҚШ долларида ҳисобланиб, расмийлаштириш амалга оширилаётган кундаги Марказий банк курси бўйича миллий валюта — сумда тўланади.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан, Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун, двигатель ҳажми 2,4л. дан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган олиб кирилаётган транспорт воситаларига автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш бўйича алоҳида давлат рақами сериясини татбиқ этган ҳолда ва улардан фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш шарти билан 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида божхона тўловларини тўлашга рухсат этилган. Мазкур фармон Қорақалпоғистон Республикаси мисолида бутун мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш йўлида тақдим этилган катта имтиёздир.
Ўткан бир йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида жами 18та автотранспорт воситаси мазкур фармонга асосан имтиёзли турда расмийлаштирилган.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида 2019 йил давомида жами 694та автотранспорт воситалари импорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлиб, шундан 631тасига импорт божидан имтиёз тақдим этилиб, импортердан импорт божхона божлари умуман ундирилмади. 149та автотрансорт воситасига эса акциз солиғидан имтиёзлар тақдим этилди.

Ю.Кудиярова,
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан
ишлаш гуруҳи инспектори, божхона хизмати, катта лейтенанти