Пн. Мар 30th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистонда аскарлар карантинда нима билан машғул?

Хабарингиз бор, бу йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирув юртимизга кириб келган Коронавирус пандемияси сабаб баъзи муддатга қолдирилган. Шунингдек, касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни кузатиш ҳам вақтинча тўхтатилган. Хўш, аскарлар юртимизда жорий этилган карантин чоғида нима билан машғул бўлишяпти? Уларни армияда вирусдан қандай ҳимоя қилишяпти?
Масалан, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий тиббиёт вакиллари томонидан дезинфекция чораларига қатъий риоя этилиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қилаётган уларнинг оила аъзоларини касалликдан ҳимоялаш бўйича барча тадбирлар узлуксиз олиб борилмоқда.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирини мисол қилиб оладиган бўлсак, карантин вақтида муддатли ҳарбий хизматчиларни максимал даражада ҳимоялаш чоралари қўлланилиб, улар учун аскарлар ётоқхоналарида барча шароитлар яратиб бериляпти. Хоналар ва бошқа жиҳозлар махсус дезинфекцияловчи суюқлик ва эритмалар билан тозаланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг озиқ-овқат таъминотини ташкил этишда ҳам олиб келинаётган махсулотлар дастурхонга тушишдан олдин бир неча бор дезинфекциядан ўтказилмоқда.
Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари тўхтатилмаган, фақат улар ҳарбий қисм ҳудудидаги машғулот хоналарида назарий тарзда олиб борилмоқда. Хоналарда тозалик ва дезинфекция воситаларини қўллаш қатъий назоратга олинган.
Таъкидлаш жоизки, карантин сабаб, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари билан кўришиши вақтинча тўхтатилган. Ҳарбий хизматчиларни тиббиёт ниқоблари ҳамда шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш масаласида узилишлар бўлмади. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматчилар ўртасида Covid-19 вируси, яъни Коронавирус билан касалланганлар йўқ.
Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтларини аскарлар ётоқхоналарида мазмунли ва мароқли ўтказилишини ташкил этиш мақсадида турли стол ва жамоавий ўйинлар ўтказилмоқда. Китоб мутолаа қилиш учун ҳам шароитлар етарли.
Шунингдек, бир гуруҳ шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар томонидан Нукус шаҳрида аҳоли ўртасида тиббиёт ниқобларини ва Коронавирусга қарши курашиш бўйича маълумотларни тарқатиш акциялари ўтказилмоқда. Ҳарбий хизматчилар аҳоли ўртасида карантин вақтида уйда қолишларига даъват этишяпти.
Қадрли ота-оналар! Фарзандларингиз ишончли қўлларда. Ҳавотирга ўрин йўқ. Ҳарбий хизматда ўғилларингизни пандемиядан ҳимоялаш бўйича барча чоралар қатъий назорат остида олиб борилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати