Пн. Мар 30th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистонда кредит тўлаш муддати узайтириладими?

Юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш муносабати билан жорий қилинган карантин даврида Марказий банк томонидан жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 октябрига қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш топширилган эди. Шунингдек, муддати ўтган қарздорликлар кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсия этилди. Kar24.uz сайтига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ва саволлар юзасидан мухбиримиз Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси бош мутахассиси Зарипбай Ўтепов билан боғланди.
«Банк соҳаси мустақил бўғин. Марказий банк бошқа банкларга кредитни музлат деб буйруқ беришга ҳаққи йўқ. Ҳар бир банк кредитни тўлаш масаласини ўзлари мустақил ҳал этади. Агар фуқаро «Ипотека» кредитини тўлай олмаса, банкка тегишли тартибда мурожаат этиши керак. Банк мурожаатни ўрганиб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади. Бу бошқа кредитларга ҳам тегишли, фақат айрим белгиланган кредитлар бундан мустасно», дейди мутахассис.
Маълумот учун, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни юмшатиш мақсадида Марказий банк томонидан барча кредит ташкилотларига қуйидагилар тавсия этилган эди.

жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор — жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш;

муддати ўтган қарздорликларнинг кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик.

Шу билан бирга, Марказий банк жорий этилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, мижозлар томонидан ҳақиқатда молиявий аҳволи ёмонлашган ҳолатда кредит ташкилотларига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.