Пн. Мар 30th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Нукусда “тадбиркор” фаолияти аниқланди ёхуд носоз тарози ва қиммат нарх-наво

Короновирус пандемиясининг юртимизга кириб келиши сабабли эълон қилинган карантин шароитида бозорлар ва савдо комплекслари ва барча озиқ-овқат дўконларида маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш юзасидан Давлат солиқ хизмати ва тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари орасида тушинтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Аммо, бундай халқимиз учун синовли даврда “ўз чўнтагини қаппайтириб олишни ният қилган” уддабурон тадбиркорлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Нукус шаҳар давлат солиқ инспекциясининг “Ишонч телефони”га пойтахтимиздаги Улгуржи савдо марказида картошка ва пиёз маҳсулотларининг қиммат нархларда сотилаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Жумаладан, қўштирноқ ичидаги тадбиркор картошка баҳосини 4700, пиёзни 2800 сўмдан, шунингдек бу ҳам етмагандай давлат синов ва сертификатлаштириш марказидан ўтказилмаган ўлчов асбоби орқали маҳсулотларини ўлчаб сотаётганлиги аниқланди.
Тезкор олиб борилган мониторинг давомида уддабурон тадбиркорга тегишли жами баҳоси 1 млн 981,4 минг сўмлик, 174 кг картошка ва 362 кг пиёз маҳсулотлари иш қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча сақлаш учун расмийлаштирилиб олинди.
Шундай пайтда ўйланиб қоласан киши, халқимиз учун синовли пайтда яқинлар, юртдошлар ҳамжиҳатликда короновирус пандемиясини енгишга ҳаракат қилмоқ лозим эмасмикин?! Фақат ўз манфаатларини кўзлаб, аҳолига бундай носоз тарозида хизмат кўрсатиб, озиқ-овқат маҳсулотлар нархини ошириб сотиш инсонийлик фазилатларига зид эмасмикин…
Тадбиркорлар учун юртимизда Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган имкониятлар, шароитлар, қулайликлар ва имтиёзлардан мақсадга мувофиқ, оқилона фойдаланиш зарурдир.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси
Ахборот хизмати