Сб. Июн 6th, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Қорақалпоғистонда карантинда бўлган фуқаролар уйларига қайтди

Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай тадбирлар доирасида касаллик аломатлари бўлмаса ҳам чет эллардан келган юртимиз фуқаролари 14 кунлик карантинга олинган эди. Ушбу муддат давомида Қорақалпоғистон бўйича стационар шароитда умумий карантинга олинган жами фуқаролар сони 544 нафарни ташкил этган бўлса, шундан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Нукус туманларида карантинда бўлган 500 нафар фуқаро 4-апрель куни ўзларининг доимий яшаш манзилларига қайтарилди. Чуқурлаштирилган тиббий текширувлар, лаборатор, махсус тест ва бошқа диагностик таҳлиллар натижаларига кўра, уларнинг ҳеч бирида касаллик белгилари аниқланмади. Карантиндан чиққан фуқароларнинг 121 нафари Қорақалпоғистон Республикасида доимий рўйхатда туради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодта вазиятлар бошқармаси томонидан карантинда бўлган фуқароларни касаллик тарқатиш хавфи йўқлиги боис яшаш манзилларига етказиб қўйиш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, бошқа вилоятлардан келган фуқаролар учун Нукус-Андижон йўналиши бўйича махсус поезд ташкил этилиб, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда ўз уйларига кузатилди. Шунингдек, республикамиз ҳудудларида яшовчи фуқаролар махсус автобусларда, Йўл патруль хизмати назоратида ўз оилаларига қайтарилди. Улар уй шароитида маълум муддат давомида ҳудудий шифокор ва патронаж ҳамширалар томонидан тиббий кузатувда бўлишади.
Карантинда бўлган фуқаролар улар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилгани, 110 дан ортиқ тиббиёт ходимлари куну-тун хизматда бўлгани, 14 кун давомида нафақат коронавирус, балки бошқа касалликлар бўйича ҳам текширувлар ўтказилгани, зарур ҳолларда тиббий ёрдамлар кўрсатилгани учун самимий миннатдорчилик билдирди.

– Карантинда бўлган вақтимизда Президентимизнинг ўз фуқароларига, ватандошларига қанчалик катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишини, уларнинг ҳеч бирини ёлғизлатиб қўймаслигини чуқур ҳис қилдик. Бизларга яратилган шароитлар, шифокор ва ҳамшираларнинг меҳрибончилиги учун раҳмат айтаман, – дейди Хоразм вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Эшжанова. – Бутун дунёни ташвишга солаётган бу инфекция тез орада баратараф бўлиб, касалликни юқтириб олган одамлар соғайиб кетишини тилайман.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касбига содиқ қолган фидойи шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг қувончи чексиз. Улар ўзлари учун эмас юртдошлари учун хурсанд бўлмоқда.

Маълумот учун, Қорақалпоғистонда бугунги кунгача коронавирус билан касалланган биронта бемор аниқланмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­и Кенгеси матбуот хизмати
М.Ҳабибуллаев олган суратлар