Сб. 30 мая, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

Ватан соғинчи: консерва қутиси аскарни ўлимдан қутқарган

Ватан соғинчи: консерва қутиси аскарни ўлимдан қутқарган

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Мўйноқдаги балиқ консерва заводининг донғи дунёга тарқалган. Фронтга айнан Мўйноқдан 10 миллион донадан ортиқ консервалар жўнатилиб турилган. Урушдан кейин эса ушбу кўрсаткич 22 миллион донага етказилган.
Марҳум олим, академик Сабир Камалов фронтга отланган пайтда жуда ёш бўлган. Фронтда юрганида овулни қаттиқ соғинади. Бир куни тарқатилган озиқ-овқатлар билан келган балиқ консерва қутисининг сиртқи қоғозидаги ёзувига кўзи тушиб қолади. Қараса – Мўйноқда ишлаб чиқарилган. Худди овулини кўргандай беҳад хурсанд бўлади. Консерва қутини очмай сумкасига солиб, жангга киришади. Қизғин жанг пайтида унинг орқасига ўқ тегиб қулаб тушади ва қаттиқ зарбадан анча вақт беҳуш ётади. Ҳушига келса орқасидаги оғриқ сезилмайди. Дарҳол сумкасини ечиб қараса, ўқ сумка ичидаги консерва қутисига теккан экан. Шундай қилиб, Мўйноқнинг консерва қутиси аскарни омон олиб қолган восита сифатида фронтдошлар орасида афсонага айланади.
Лекин, яна бир қирғин жанг пайтида жуда қаттиқ яраланади. Қорақалпоғистонлик журналист Арухан Турекеева марҳумнинг ҳаётлигида қилган суҳбатида қуйидагича дейилади:

photo_2020-05-10_15-56-08.jpg

“Сабир Камалов фронтга 1943 йилда юборилди. У Беларус фронтида 8-ротага командир бўлган. Ротадаги 30 нафар аскарнинг барчаси Ўзбекистондан эди. Мақсад Новгород-Северск шаҳрини душманлардан тозалаш бўлди. Шаҳар Десна дарёсининг ғарб томонида жойлашганлиги учун дарёдан ўтиш керак эди. Шафқатсиз душманларнинг бетиним ўқлари остидан омон чиқиш осон бўлмади, лекин амаллаб душманга жануб томондан ҳужумга ўтиб, шаҳарни озод қилади. Бундан сўнг 1943 йил сентябрда Иванов деган қишлоқни фашистлардан тозалайди. Душманларнинг 14 аскари ва битта офицерини асирга олди. Аста-секин аскарларнинг ғалабага бўлган ишончи ортиб борди. Кейинчалик Семеновкадан душманларни қувиб чиқариб, Красная Лоза қишлоғига йўл олади. 1943 йил 22 сентябр эди. Қишлоқдаги сомон уюмлари орқали ҳаракатланаётганда унга ёнғин тегади. Бир қараса 200 метрдай нарида немис аскари турган экан. 
Яқинлаб бориб уни отиб ўлдиради. Лекин шу пайтда ўзининг орқасига катта зарба тушади. Уни портлайдиган ўқ билан отган экан. Ўқ чап эгнидан тегиб кўксини тешиб кетибди. Ҳушсиз қолган Сабир оғани дивизиянинг санитария пунктига олиб келади. Ўқ орқасидан бир килодек гўштни юлиб кетган экан. Қон тўхтамай, тана ҳарорати ошади. Аҳволи ёмонлашгани боис уни Новгород-Северский шаҳридаги дала госпиталига юборади. Иштаҳаси бўлмай шу ерда 15 кун ётти. Кейин Черновици деган қишлоқнинг дала госпиталига боради. Жой етишмаганлиги учун уни келини билан турадиган кампирнинг уйига олиб келади. Икки елка суяги қўпорилганлиги боис ўпкаси билан юраги кўриниб турар эди. Уйдагилар яхши қарайди, лекин аҳвол янада оғирлашади. У уйдан ҳам чиқиб кетади. Уруш вақти. Ҳамма госпиталлар ярадорларга тўла.
Улар билан қўшилиб дастлаб Курск, сўнг Орлов шаҳридаги госпиталга боради. У ерда ҳам қабул қилмайди. Сўнг Тула шаҳрига келади. Ярадор бўлганига 3 ойга қараб кетяпти. Ҳамон у госпиталдан бу госпиталга кўчар эди. Бу ерда тирсаги, қўлини гипслайди. Сўнг Сортировочная деган госпиталга олиб келади. Бир суткадан сўнг Москвадаги Бауман номидаги госпиталга ётқизади.
Орадан қанча кунлар ўтади. Шу вақтлар мобайнида гипснинг ичи битлаб кетади. Унинг қичишига чидаш мумкин эмас. Бу азобларга фақат мардларгина бардош бериши мумкин. Москвада ҳам кўп қолмайди. Қозон шаҳрига юборади. Йўлда қаттиқ касалланиб 3 декабр куни Чебоксари шаҳридаги госпиталга олиб келади. Бу ерда гипсларни ечаётган ҳамшира қиз ярани ва унда ўриб юрган битларни кўриб қичқириб юборади.
Шу ерда 4 ой қолиб, аста-секин тузала бошлайди ва қишлоқдаги битта киши “кўзим кўрмай қолди, менга китоб ўқиб бергин” деган илтимосига кўра унга китоб ўқиб бериб туради.
Бир куни қараса, ҳалиги “кўзим кўрмайди” деган киши китоб ўқиётган экан. “Сенинг китобга бўлган қизиқишингни орттирмоқчи эдим” дейди у Сабир оғага. Ҳақиқатдан ҳам Сабир Камаловга шу пайтдаги мутолаа кўп ёрдам берди. Русчага анча етук бўлиб олди.
Шундан кейин урушга ярамай ўз қишлоғи Чимбойга қайтади.
Урушдан эсон-омон элга қайтиб, Қорақалпоғистонда илм-фаннинг ривожига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимини узоқ йиллар бошқариб, академик даражасини олди ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
Марҳум академик Сабир Камаловнинг турмуш ўртоғи, нуроний ёзувчи Гулайша Есемуратова ҳозирда ҳаёт ва 90 ёшдан ошди. Сабир оғанинг бошидан ўтган воқеаларни у киши ҳам тасдиқлайди.

Есимхон Қаноатов