Сб. 30 мая, 2020

Kar24.uz

Янгиликлар биздан бошланади

ЎЗИ БИТТА ОРОЛДИР ёҳуд Ўрозбой Абдурахманов публицистикаси…



“Орол хақида гап кетганда, — дейди Давлатбой Бекбаулиев, — Ўрозбой Абдурахмановни айтиб ўтмасак бўлмас. Сабаби, у инсоннинг Қорақалпоқ халқи учун, асосан Мўйноқ аҳолиси учун қилган меҳнати тақсинга сазовор. Чиндан ҳам. “Оролни ким қуритди?” дея жаҳонга жар солиб чиқа олган ёзувчи, журналист айнан Ўрозбой Абдурахмановдир. У «Ёшлик», «Жеткиншек», «Ҳаёт» газеталари ва «Амударё», «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» журналларида фаолият юритган. Ўрозбой Абдирахмановнинг “Оролим-дардим менинг”, “Ўжар”, “Қўшнилар”, “Бўсаға”, “Мирзанинг изи”, «Бир муҳаббат тарихи», «Сайғоқларнинг кўчманчи тақдири» сингари роман, эссе ва ҳикоялари мавжуд. Баъзи асарлари алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. “Сайланди асарлар” китобида эса юқоридаги баъзи ижод намуналари жамланган бýлиб, айнан ўзим ёзувчининг ижоди билан танишишни шу китобдан бошладим.
“Оролим — дардим менинг” эссеси. Бу асари туфайли ёзувчи 1987-йилда ЮНЕСКОнинг “Одам ва биосфера” дастури бўйича ЮНЕСКОнинг олтин медалига муносиб деб топилган. Филология фанлари доктори, профессор, ёзувчи С.Бахадирова асар ҳақида шундай дейди: “Бу қорақалпоқ адабиётида биринчи марта ёзилган илмий-публицистик, тарихий, экологик журналистика жанридаги эссе”.( «Устоз йýли» газетаси ). Айнан Ўрозбой оға Орол денгизи ва Мўйноқ аҳолисининг муаммоларини биринчилардан бўлиб ёритиб бера олган. У шундай савол қўяди “Денгизни ким қуритди?”. Жавоби эса: “Мен, сен, хуллас, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда яшовчи ҳар биримизнинг денгизнинг қуришида улушимиз бор”-дейди. Олиб қарайдиган бýлсак у даврда Орол тугул, кичиккина муаммони айтишнинг ўзи катта бир жасорат. Энди савол билан жаҳондан ҳисоб сўраётган инсонни билмадим нима дейиш мумкин?
Асарнинг муқаддимаси ноодатий бошланган. Яьни ёзувчи болалик даврларини ёдга олади. “Болалигимизда эртаклар кýп эди. Шуларнинг бирида, бир дев оловни ýчириш учун денгизнинг сувини симириб, оловга буркади, денгиз қурийди. Яна бир эртакда, бир дев денгиз сувини ичиб олиб, боғли ерни сахрога айлантириб юборади. Эртак эшиткан болалар девдан қýрқар эди, адабиёт устозимиз: » Нимага қýрқасиз, бу бир хаёлий гаплар», деса география устозимиз: «Эртагинг ёлғон, денгизнинг сувини минг дев ичгани билан тугамайди. Сабаби, денгизни дарёлар тýлдириб туради. Масалан, Волга Каспийга, Амударё билан Сирдарё Оролга қуйаверади»(340 — бет). Ўқиб ўтирсангиз инсон ҳаёлига келмас оддийгина воқеадан асар кириш қисми бошланган. Бу эса унинг қанчалик иқтидорли ва қалами ўткир публицист эканлигидан дарак беради. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2020-йил 24-январь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай деди: «Аввало, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш буйича бошлаган мисли кўрилмаган ишларимизни давом эттириб, денгизнинг қуриган тубига ўрмонзорлар кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида «Яшил белбоғ»лар барпо этишимиз лозим. Ишлаб чиқариш жараёнини экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиб, хусусий аудиторлик фаолиятини жонлантириш ҳам мухим вазифадир». Оролга энди қуриб бошлаган пайтдаёқ эьтибор берилганда мумкин бундай аҳвол бўлмаган бўлармиди?!. Бу саволга жавобни Ўрозбой оға ўз асарида айтиб ўтган: “ “Литературная газета”да олимларнинг «Каспий ҳам, Орол ҳам қурияпди» деган сўзларига қулоқ тургудек банда бўлмади”. Ўрозбой Абдурахманов “Орол: оппоқ девор олдида…” мақоласида август ойининг охирида Душанбе шаҳрида “Орол-88” экологик экспедициясига қатнашишга телеграмма олганлигини ва Тожикистонга борганлигини келтириб ўтади. Биринчи куни келиб меҳмонхонага кирса “ўрин йўқ” деб ёзилган ёзувни кўради. Бироқ администратор қиз унинг ёзувчи ва Қорақалпоғистондан эканлигини билгандан сўнг “ Бизда ёзувчилар учун хамиша жой топилади. Мархамат, буни тýлдиринг, бироқ сизга эртагача ýрин берайлик. Барибир тонгда сизни бошқа мехмонхонага олиб кетишади”(369 — бет) дейди. Эртаси куни “Памир” журналининг бош муҳаррири, публицист Масуд Мýллажанов билан учрашади. Муҳаррир ёзувчи билан салом-алик қилмасдан бурун “Орол қандай?” деб сўрайди. “Аста-секин қурияпди” деб жавоб

беради ёзувчи. Ўша даврда Пушкиннинг олтин балиғи бўлганида Ўрозбой Абдурахманов ёзганидек: “Майли табият менга тил бермаган бўла қолсин, сизларнинг тилингиз бор эсмасмиди? Оролнинг суви қайтиб, менинг авлодларим камайиб бораётганда, Сув хўжалиги, Овул хўжалиги ва энергетика Вазирликларига денгизнинг қаддин сақлайлик деб нега талаб қўя олмадингиз?” деган бўлса, бугун “Мана чиқибди. Орол учун, биз учун куйинган ёзувчи. Талаб қила олди. Менимча ниятига етмоқда. Унинг алоҳида ўз Ороли бор. Тўлиб-тошган Орол тошаяпди. Ё унинг ҳам Ороли аста-секин қурияптими?. Айтинг…”. Журналистнинг “Инсонга таьзим қил, Мўйноқ”(«Халқ сўзи» газетаси 2019 йил, 3 март) мақоласида айтилади: “Денгиз кўрган ҳар бир қорақалпоқнинг кўнглида ўз ороли бор, у доимо бир пайтлар тўлиб-тошган ҳавзасини қўмсаб туради”. Шундай экан бу инсоннинг ҳам ўз Ороли мавжуд. Албатта бу Орол-у томонидан ёзилган асарлар.
“Ўжар” асари комедия жанрида ёзилганлиги учун хам уни ýқиган китобхон беихтиёр кулади. Матирза билан Халмуратнинг ўжарлиги шунчаликки, болаларининг хаётига ҳам қизиқишмайди. Матирзанинг қизини сўраб борган Халмурат гапдан гап чиқиб кўршапалак қуш ҳақида сýз юошлайди. Унинг «атшок»дан пайдо бўлишини айтади. Матирза эса бунинг нотўғлигини бот — бот такрорлайди. Ҳамма можаро шу кундан бошланди. Иккиси ҳам ўз фикрларини тўғри деб бир-бирига гап бермади. Келиша олмаслигини билиб иккови ҳам жанжаллашгандан сўнг «қуда бўлмаймиз» дейди. Шу билан фарзандлар боши қўшилмади. Лекин энг охирида барибир икки ёш бахтли яшаб кетади. Икки қайсар оталар эса халигача жанжаллашишдан чарчашмайди. Дунёда шундай инсонлар ҳам бор. Албатта улар вақт ўтиши билан айбларини тушуниб етишади. Икки ёшнинг бахти уларни яраштиради.
“Азазул” ҳикоясида ёзувчи алданувчан, содда инсонларнинг бор эканлигини кўрсатади. Айтен ўз қўшнисининг хотинини хиёнаткорликда айбламоқда. Бунга ишонган эр ажралиш чораларини кўриб оддий нарсадан жанжал чиқараверади. Аслида аёлда ҳечқандай айб йўқ. Бир тинч оила Айтеннинг маккорлиги туфайли пароканда бўлди. Кейин эр бозорда юрса Айтен билан ажрашган хотини ва боласининг кетаётганини кўриб қолади. У хато қилганлигига пушаймон қолади. Аммо энди кеч бўлган эди. Шуни айтсалар керакда “сўнгги пушаймон ўзингга душман”.
Бот-бот такрорласак ҳам кам «Ўрозбой Абдурахмановнинг ўзи битта Оролдир». “Инсонга таьзим қил Мўйноқ!” мақоласида ҳам ёзувчи шундай фикр айтади: “Денгиз кўрган ҳар бир Қорақалпоқнинг кўнглида эса ўз Ороли бор, у доимо бир пайтлар тўлиб-тошган ҳавзасини қўмсаб туради”. Мақолада айтилган: «19-Январь. Ярим оқшом майдалаб ёға бошлаган қор йириклашиб, чор-атрофни покликка буркади. Эринмай ташқарига чиқиб, қалинлигини ўлчадим: 15-20 сантиметрга етибди. Демак, бу йил сахро гуллайди, чорва ё бўлади.
Тўхта, — дедим ўзимга ўзим, — бир томонинг оқмаётган дарё, нариги томонинг қақраган Орол, яна ёққан қорга қувонишга бало борми?! Денгизнинг қуриган тубига саксовул экамиз, Оролқумни ўрмонзорга айлантирамиз, дея 2000 дан зиёд кишилар 500 дан ортиқ техникалари билан ҳаракатга киришганда, сен қор ёққанига, маҳлиё бўлиб ўтирибсан! Нукусга ёққан қор Оролқумга ёқмайдими? Бечора йигитларнинг шалоббаси чиққандир?». Мақолада Орол ҳақида маьлумотлар келтирилиб, 27-май кунги туз воқеасини мисол тариқасида айтиб ўтади ёзувчи. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Бухоро, Навоий вилоятлардан ўтиб, Самарқандга ҳатто Туркманистоннинг Дашовуз, Лебаб, Қозоғистоннинг Қизилўрда, Туркистон ҳудудларигача бориб етканлигини айтади. Журналист ҳар гал мақола ёзар экан рақамларга, қатъий фикрларга таянади. Бу эса унинг моҳир журналист эканлигига ишора. «Орол: оппоқ девор олдида…» сарлавҳали мақоласи қорақалпоқ халқ шоири Кўнхўжанинг шеъри билан бошланади. У қўйидагича:
Оқ қамиш, ҳов, оқ қамиш,
Қурима сув ичида.
Сендек бўлиб турибман мен,
Кўк тайғоқнинг устида…
Ушбу мақолада Орол атрофидаги ҳайвонот олами ҳақида сўз боради. Сайғоқларнинг камаяётгани ва ўсимлик навларининг пасайиб, умуман йўқ бўлиб кетиш арафасида турганлигини айтади. «Устюртда 1920 йиллар

сайғоқларнинг сони бир миллиондан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг бош сони 40 баробар камайганлиги қайд этилмоқда». Бизда сайғоқларнинг «Қизил китоб»га киритилганлигини, Россия ва Қозоғистонда уларни отишга рухсат берилганлигини айтади. Ёзувчи Мўйноқни оралаб атроф-мухитни ўрганиб Оролдаги чанг-тўзон кўтарилишини ўз кўзи билан кўрган. Асли унинг Орол мавзуини танлашида кенжа ўғли сабабчи бўлади. Бу ҳақида телевиденига берган интервьюсида шундай дейди: «Орол муаммоси денгизда эмас, уйда ичиб ўтирган чойимизда маьлум бўлди, ҳозир шов-шув бўлаётган Орол муаммоси». У шундай самимий ва чинлик билан ёзадики. Бошида қора қалпоғи, асли кўнгли оппоқ бўлган Қорақалпоқ фарзанди. Орол учун кўз ёш тўкиб чарчамаган инсонлар каби, Ўрозбой Абдурахманов ҳам публицист сифатида қалам тебратишдан хеч хам чарчамайди. Шу қатори бизлар ҳам. Демак, хали ёзилажак гаплар кўп…!!!

МУХТОР УМБЕТОВ,
Бердоқ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети журналистика таьлим йўналиши 1-курс талабаси.