14–16-октабр кунлари Тошкентдаги Ўзекспомарказ миллий кўргазмалар мажмуасида “Хитой — Ўзбекистон 2026” халқаро савдо кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчилари Kar24.uz сайтига маълум қилди.

Тадбир Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Хитой Халқаро савдони ривожлантириш қўмитаси томонидан ташкил этилаётган кўргазма Ўзбекистонда кетма-кет иккинчи йил ўтказилади. Бу йилги тадбирда Хитойнинг 19 та провинцияси, автоном ҳудуди ва марказга бўйсунувчи шаҳарларидан компаниялар қатнашади. Кўргазмада саноат автоматлаштириш ва робототехника, янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, сунъий интеллект, яшил энергетика, маиший электроника ҳамда хизматлар савдосига алоҳида эътибор қаратилади. Ёпиқ кўргазма майдони 4 минг квадрат метр, очиқ майдон эса 800 квадрат метрни ташкил этади.Тадбирда Хитойнинг қарийб 200 та истиқболли компанияси иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 30% дан ортиғи ихтисослашган, юқори технологияли ва инновацион корхоналардан иборат бўлади. Иштирокчилар орасида CAMCE, Yonyou Network, Focus Technology, Lanxin Robotics, Zhengzhou City Unites Steel Industrial Co., Ltd. va LAISAI каби компаниялар бор. Кўргазма доирасида Ўзбекистон ва Хитой инвестициявий ҳамкорлиги форуми, савдо-иқтисодий алоқаларга бағишланган учрашувлар ҳамда компаниялар ўртасида Б2Б музокаралари ташкил этилади. Хитойнинг Шенси провинцияси, Шинжон-Уйғур автоном райони ва бошқа ҳудудлари делегациялари ҳам алоҳида тақдимотлар ўтказади. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, кўргазма Хитой компанияларига Марказий Осиё бозорларига чиқиш, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари корхоналарига эса янги ҳамкорлар топиш ва илғор технологиялар билан танишиш имконини беради.